French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нақшлар гапиради: ўзбек бош кийимлари сири
15:39 / 2026-02-25

Oддийгина бир дона қалпоқ ёки рўмол бутун бир халқнинг тарихини сўзсиз ҳикоя қилиб бера олади. Ипак йўли карвонлари қатнаган замонларда ҳам, бугунги тўй ва маросимларда ҳам ўзбек бош кийимлари шунчаки безак эмас — улар халқнинг ўзлигини, қадриятлари ва тарихини эслатиб турувчи муҳим рамз ҳисобланади.

Минг йиллар давомида Ўрта Осиё халқлари либосларида икки асосий маданият — ўтроқ деҳқончилик жамияти ва кўчманчи қабилалар анъаналари уйғунлашиб кетган. Қадим ва ўрта асрларда ўзбек либосларининг тузилиши, ранглари ҳамда нақшлари алоҳида қадрланган ва муҳим маъноларни англатган. Бугунги кунда ҳам бу безаклар миллий бош кийимлар нақш услубларида сақланиб қолган.

“Дўппи” сўзи туркий “тубе” — яъни “чўққи” сўзидан келиб чиққан. Дўппи асрлар давомида ёшу қари, эркак ва аёл, айниқса қизларнинг севимли бош кийимига айланган. Ўзбек миллий бош кийимлари келиб чиқиши, рамзий маънолари ва бугунги қиёфаси билан ажралиб туради. Оддий бармоқлар орасида яратилган бетакрор нақшлар халқ тафаккури, турмуш тарзи ва маданияти қарашларини акс эттиради. 

“Қора матога туширилган тўрт қалампир нақш бу тасодиф эмас, оналар фарзандининг бошига уни қўндираркан, гўё ёмон кўзлар йўлини тўсиб қўйгандек ҳимоядир аслида”

Қалампир нусха — рамз ва ҳимоя тимсоли. Эркаклар дўпписидаги қалампир шаклидаги нақш замонавий мода оламида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу нақш турли халқларда турлича ном билан аталади: “турк ловияси”, “ҳинд пальма барги”, “форс сарви”, “турк бодринги”, “шарқ бодринги” ёки “ҳинд бодринги”. Номи қандай бўлишидан қатъи назар, шакли ўхшаш бўлиб, ҳар бир халқда ўзига хос маъно касб этган. Эркаклар киядиган қалампир нақшли дўппилар алоҳида кун ёки вақт танламайди, аммо улар кўпинча тўй маросимлари, масжидга бориш ёки жаноза каби муҳим кунларда кийилади. Бу эса бош кийимга бўлган ўзаро ҳурмат ва қадрият рамзи эканини кўрсатади. 

Дўппи тикиш санъати ҳунармандчилик ривожланган ҳудудлар — Фарғона водийси, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда пойтахт Тошкентда айниқса машҳур бўлган. Чуст дўпписи — эркаклар миллий тимсоли. Машҳур Чуст дўпписи қора фон ва тўртта оқ қалампир нақши билан ажралиб туради. Унинг гардиши ўн олти қатор аркадан иборат бўлиб, эркакларнинг миллий бош кийимига айланган.

Наманганда тикилган Чуст дўппилари баландроқ гардиши ва кескин эгилган бодомсимон нақшлари билан ажралиб туради. Марғилон дўппиларидаги узун ва ингичка қалампир безаклари эса Чуст услубига жуда яқин. Дўппилардаги ранг, шакл ва нақш безаклари ҳар бир ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзи, дунёқараши ва эстетик қарашларини акс эттиради.

Марғилон ироқи дўпписи“Ипак ҳидига тўлган тор кўчаларда тикилган дўппилар ҳали ҳамон келинлар сандиғидан жой олади”.

Қадимда Марғилон ироқи нусхадаги дўппиларини асосан қизлар кийишган. Ундаги ҳар бир нақш алоҳида маънога эга бўлган. Масалан, оқ ипак билан тикилган кашталар поклик ва ҳаёт абадийлигини англатса, ғунча гуллар ҳамда ёрқин ранглар қиз боланинг ҳали турмуш қурмаганини билдирган.

Дўппининг тўқ ранглари коинот ва зулмат тимсоли бўлса, оқ иплар билан тикилган нақшлар қуёш, нур ва мусаффоликни англатади. Дўппи тўрт қисмга бўлинган бўлиб, тўрт томондан ёвузликдан ҳимоя тимсоли ҳисобланади. Атрофидаги ўн олтита арка тасвири ҳаёт ва ўлим алмашинувини ифодалайди. Бу белгилар бойлик ва яшовчанлик рамзи сифатида ҳам талқин қилинади. Арка ичида жойлашган қўй шохлари расми куч-қудрат ва жасорат тимсолидир.

Бухоронинг заррин нақшли дўппилари - “Қадим мадраса сояларида ўралган салла оддий мато эмасди. У бошга қўйилган илмнинг оғирлиги, сукутдаги ҳурмат ва авлодларга қолган ҳикмат деб тарифлашга арзийдиган қўл меҳнати ва кўзлар нури билан яратилган." Тасмага тилла ва кумуш иплар билан тикилади. Бундай бош кийим - эгасининг жамиятдаги юксак мавқеидан дарак беради.

Андижон аёллар дўппилари зич оқ асосда, хоч усулида тикилади. Уларда кўпинча мевалар ва рамзий белгилар тасвирланади.

Тошкент аёллар дўппилари эса кўздан ҳимоя тимсоли сифатида қуш патлари билан безатилади. Улар одатда тўқ қизил, тўқ яшил ёки тўқ кўк рангли матодан тайёрланиб, оч рангли мунчоқлар билан зийнатланади. Шаҳрисабз эркаклар дўпписи “Ироқи” ёки “Ироқ” номи билан машҳур.

Бойсун эркаклар дўппилари рангларнинг ноодатий уйғунлиги билан ажралиб туради. Масалан, хантал-сариқ ранг пахта гулини, оқ ранг эса пахтанинг ўзини англатади. 

Қорақалпоқ эркаклар дўпписи халқ орасида “малика тупуги” номи билан танилган думалоқ шаклдаги бош кийимдир. Ҳар бир уста дўппини яратишда нақш, ранг ва шакл орқали ўзига хос маъно юклайди. 

 

Ўзбек бош кийимлари шунчаки миллий либоснинг бир қисми эмас, аждодлардан мерос бўлиб келаётган хотира, эътиқод ифодасидир. Ҳар бир нақш, ранг ва шакл ўтган замон ҳикояларини бугунги авлодга етказади. Балки шу боис ҳам оддий бир дўппи баъзан минглаб сўз айтолмаган туйғуларни бир лаҳзада англатиб бера олади. Замонавийлик сари интилаётган жамиятда ҳам дўппи ва бошқа бош кийимлар ўзлигини унутмаган халқнинг рамзи сифатида қадрланиб келмоқда.

Меҳрибону Тўлқинова, ЎзА