French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нақдсиз иқтисодиёт сари қадам
17:44 / 2025-12-19

Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, энг муҳими, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар янги босқичга чиқмоқда.

Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрда қабул қилинган “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ана шу мақсадларга хизмат қилаётган муҳим ҳужжатлардан биридир.

Айни кунларда Жиззах вилоят солиқ бошқармаси ходимлари мазкур фармон мазмун-моҳиятини жойларда амалий тарзда тушунтириш, тадбиркорлар ва аҳоли орасида кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.  

Учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва тушунтириш тадбирлари давомида нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг иқтисодий ва ташкилий афзалликлари, ягона QR-код тизимининг имкониятлари, шунингдек, тобора яқинлашиб келаётган янги 2026 йилдан тажриба тариқасида республикамизнинг бир қатор ҳудудларида кучга кирадиган янги талаблар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилмоқда.

Таҳлилларга кўра, нақдсиз тўловлар улуши ошиши, аввало, ҳисоб-китобларнинг аниқ ва шаффоф бўлишини таъминлайди. Бу эса солиқ тушумларининг барқарор ўсиши, соя иқтисодиётининг қисқариши ҳамда тадбиркорлик фаолиятида адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.  

Хусусан, ягона QR-код орқали тўлов қилиш тизими тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик яратиб, харидор ва сотувчи ўртасидаги ҳисоб-китобларни соддалаштиради, ортиқча қоғозбозлик ва инсон омилини камайтиради.

Мутахассислар фикрича, 2026 йилдан жорий этиладиган янги талаблар бизнес субъектларини замонавий молиявий технологияларга мослашишга ундайди. Бу жараёнда солиқ органлари томонидан олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари муҳим аҳамият касб этиб, тадбиркорларнинг қонунчиликдаги янгиликларни тўғри англаши ва амалда қўллашига хизмат қилиши шубҳасиз десак муболаға бўлмайди.

Энг муҳими, мазкур фармон ижросидан кўзланган асосий мақсад – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнесни “соя”дан чиқаришни рағбатлантириш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ҳамда барча учун тенг, очиқ ва ишончли иқтисодий муҳит яратишдан иборат.  

Шу маънода Жиззах вилоятида олиб борилаётган изчил тарғибот ишлари нафақат фармон ижросини таъминлаш, балки аҳолининг молиявий маданиятини юксалтириш, нақдсиз иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Қисқаси, нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштиришга қаратилган бу каби амалий чоралар мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, яширин иқтисодиёт улушининг кескин қисқариши ва тадбиркорлар учун янада қулай бизнес муҳитини шакллантиришда муҳим омил бўлиб қолмоқда.

А.Қаюмов (сурат), ЎзА мухбири