Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нақд пулни ўз вақтида кассага кирим қилган тадбиркор жаримага тортилмайди
17:47 / 2022-05-21

Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан “Солиқ ҳамкор” ва кешбэк тизими – самарали жамоатчилик назорати олиб боришда муҳим омил” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатувчи журналистлар, блогерлар иштирок этди.

Матбуот анжуманини вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Назаржон Полвонов очиб, давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 4 октябрда қабул қилинган. "Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди. Хусусан, кешбэк амалиёти доирасида жорий йил 1-чорагида рўйхатдан ўтказилган чеклар учун фуқароларга республика бўйича 68,1 миллиард сўм, Фарғона вилояти бўйича эса 4,8 миллиард сўм кешбэк тўлаб берилди.

Анжуманда таъкидланганидек, давлат бюджетидан шунча маблағ сарфлаб кешбэк тизимини жорий қилишдан асосий мақсад фуқароларимизда касса чеки олиш маданиятини шакллантириш ва бу орқали ноқонуний пул айланмасини камайтириш ҳамда бюджетга солиқ тушумлари ҳажмини оширишдир. 

Шунингдек, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш, соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишни таъминлаш мақсадида “Солиқ ҳамкор” тизими жорий этилди. Нақд пулга савдо қилганда чек бермаслик, пластикка савдо қилмаслик, ҳужжатсиз фаолият юритиш каби солиққа оид ҳуқуқбузарликлар борасида мазкур тизим орқали Фарғона вилоятида жорий йил 1 январдан 19 майга қадар фуқаролардан 2 минг 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушганлиги қайд этилди.

Солиқ идоралари томонидан қонуний ишлаётган тадбиркор асоссиз жаримага тортилмаслиги таъкидланди. Чек бермаслик ҳолати бўйича мурожаат келиб тушгач, солиқчи бориб текшириш ўтказса, ўз-ўзидан жарима қўлланилади дегани эмаслиги, агар ўша вазиятда чек бермаслик ҳолати тасдиқлансагина жарима қўлланилиши мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Қизғин баҳс-мунозаларга бой бўлган матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

М. Сулаймонов, ЎзА