Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нанотехнология асосида яратилган инновацион дезинфекция воситаси — “Полиардез” (+видео)
16:55 / 2025-09-18

“Ихтиро”

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пандемия деб эътироф этилган COVID-19 коронавируси бутун дунёда жиддий хавф солган даврда самарали дезинфекция ва антисептик воситаларга эҳтиёж янада ортиб борди. Мазкур шароитда Ўзбекистон Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари томонидан нанотехнология асосида яратилган полимер таркибли янги авлод маҳаллий препарати — «Полиардез» дезинфекцияловчи ва антисептик воситаси ишлаб чиқилди. 

Инновацион технология ва полимер таркибли «Полиардез» воситасининг таъсир этувчи моддаси ўлчамлари 25-94 нанометр бўлган кумуш нанозарраларидан иборат бўлиб, улар полимер эритмаси орқали барқарорлаштирилган. Полимер-барқарорлаштирувчи сифатида мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган целлюлозанинг олий ҳосиласи қўлланилган. 

Восита тўлиқ рангсиз, ҳидсиз ва инсон саломатлиги учун заҳарсиз ҳисобланади. Анъанавий хлорли ва спиртли дезинфекция воситаларидан фарқли равишда, «Полиардез» воситаси юмшоқ сирт юзаларни бузмайди, матоларни рангсизлантирмайди ва металларда коррозия келтириб чиқармайди. Қолаверса,  экологик хавфсизлиги, ёнмаслиги ва портламаслиги ҳам унинг афзал жиҳатларидан бири ҳисобланади. 

Клиник синовлар ва фаоллик «Полиардез» воситасининг биологик фаоллиги ва токсикологияси тўлиқ ўрганилиб, ижобий натижалар олинган. Восита грамманфий ва граммусбат бактериялар, замбуруғлар ҳамда вирусларга қарши юқори даражада самарали бўлиб, қўлга суртилганда 24 соат давомида ҳимоя қилади. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан расмий рухсатнома олинган мазкур препарат (№000358) турли жамоат бинолари, транспорт воситалари, мактаб ва боғчалар, ишлаб чиқариш корхоналари, савдо марказлари, бассейн ва спорт иншоотларини дезинфекция қилишда кенг қўлланиши мумкин. Ишлаб чиқариш имкониятларига келсак, институт тажриба-синов базасида «Полиардез»ни йилига 100 тонна ҳажмда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Воситанинг нархи ҳам маҳаллий бозор учун мақбул бўлиб, кенг миқёсда қўлланилишига имконият яратади. 

«Полиардез» — бу нафaқaт пандемия шароитида, балки кундалик санитария ва гигиенада ҳам ишончли ҳимоя воситаси сифатида катта аҳамиятга эга бўлган инновацион маҳаллий ишланма. Шу билан бирга, ушбу лойиҳа орқали ўзбекистонлик олимларимизнинг нанотехнология соҳасидаги салоҳияти ва фидойилиги яна бир бор намоён бўлди. «Полиардез» — илмий изланиш, меҳнат ва садоқатнинг амалий самарасидир.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1YPUEX9T3v4" title="“Ixtiro”- Nanotexnologiya asosida yaratilgan innovatsion dezinfeksiya vositasi — “Poliardez”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев (видео), ЎзА