ФОТОРЕПОРТАЖ
Водийда илк бор Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғига «Туризм қишлоғи» мақоми берилди.
Ўзининг сўлим, мафтункор табиати билан ном қозонган Нанай қишлоғида туризмни ривожлантириш, сайёҳларга шароит яратиш мақсадида сўнгги 5 йил давомида 150 дан ортиқ меҳмон уйи, 2 та хостел, 15 та умумий овқатланиш жойи ташкил этилиб, 30 миллион АҚШ долларилик туризм хизматлари экспорти амалга оширилди.
Жорий йилнинг ўзида 18 та туризм объекти барпо этилиб, 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Шунингдек, ўтган 8 ой давомида Нанайга 20 мингга яқин хорижий, 220 мингдан ортиқ маҳаллий турист ташриф буюрди.
[gallery-19055]
Ҳозирги кунда қишлоқ ҳудудида 30 миллион АҚШ долларилик 87 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, “Кўксарой сайёҳ” МЧЖ томонидан осма кўприк, дор йўли ҳамда ёзги сирпанчиқ йўлакчаси йўлга қўйилиб, сайёҳларга қулайликлар яратилди.
Шунингдек, Инвестиция дастурига асосан, «Дўстлик» ва «Сой бўйи» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Подшоота сой қирғоғида 1,3 километр саломатлик йўлакчалари бунёд этилди. Барпо этилган 7 та сунъий шаршара эса қишлоқнинг туристик жозибасини янада оширди.
Бугун қишлоқ марказида ўтказилган тадбирда Туризм қўмитаси томонидан Нанайга «Туризм қишлоғи» мақоми берилгани эълон қилинди.
Тадбир давомида байрамга туҳфа сифатида лойиҳа қиймати 6 миллиард сўмлик «Гули фарм» МЧЖга карашли хостел, ҳамда 3 миллиард сўм эвазига барпо этилган замонавий меҳмон уйи фойдаланишга топширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА