Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Намунали мактаб ва боғчалар сифатли таълим гарови
19:33 / 2023-12-13

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 24-25 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши туманидаги 12-мактабнинг ҳолатини танқид  қилган эди.

Юртбошимизнинг ўринли танқидлари вилоятда таълим соҳасида камчиликлар борлигини, ушбу соҳага масъулият билан ёндашиш зарурлигини кўрсатиб берди. Шундан келиб чиқиб, Шаҳрисабз туманида ҳам умумтаълим мактабларидаги таълим сифатини яхшилаш, таълим муассасалари ҳудудини озода тутиш, ҳовлисини даромад манбаига айлантириш борасида режа асосида муайян ишлар олиб борилмоқда.

 Туман ҳокими ташаббуси билан ҳар ой “Намунали мактаб” ва “Намунали давлат мактабгача таълим ташкилоти” шиори остида амалий семинарлар ўтказилаётир. Ана шундай семинарлардан бири тумандаги Авазмалик маҳалласидаги 27-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. 

Мактабда 75 нафар педагог ходим 1056 нафар ўқувчига таълим бериб келмоқда. Жорий йилда мактабга 330 ўринли янги қўшимча бино қуриб берилди ҳамда 420 ўринли мавжуд ўқув биноси капитал таъмирланди. 

– Мактабимиз туманнинг тоғолди ҳудудида жойлашган, – дейди 27 умумтаълим мактаб директори Наргиз Шоҳдорова. – Тоифали ўқитувчиларимиз 55 фоизни ташкил қилади.Жорий ўқув йили жамоамиз учун жуда қувончли йил бўлди. Боиси мактабимизга ҳукуматимиз томонидан барча қулайликларга эга қўшимча ўқув биноси қуриб берилди. Қолган ўқув бинолари капитал таъмирланди. Ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиб, француз тили бўйича хоналар ташкил қилинди. Касбга йўналтириш бўйича ҳам хоналар жиҳозланди. Бунда олий тоифали ўқитувчиларимиз машғулотларни ўтишмоқда. Бизга яратиб берилган имконият ва қулайликлардан руҳланган ҳолда таълим-тарбия жараёнини янада ривожлантириб, бор куч ғайратимиз билан ҳаракат қиламиз. 

Семинарда туман ҳокими бошчилигида секторлар раҳбарлари, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари ҳамда Шаҳрисабз туманидаги умумтаълим мактаблари директорлари иштирок этди. Дастлаб семинарда турли фанлардан очиқ дарслар ташкил этилди ва унда мактаблар директорлари гуруҳларга бўлиниб, иштирок этди. 

[gallery-15058]

– Шаҳрисабз туманида 88 та мактаб, 42 та мактабгача таълим ташкилоти ва 208 та оилавий боғча мавжуд, – дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Шуҳрат Ботиров. – Биласизми, туманимиз тоғли ҳудуд ҳисобланади ва таълим масканларимизнинг деярли барчаси тоғли ҳудудда яъни марказдан йироқда жойлашган. Лекин шунга қарамасдан таълим муассасаларимизнинг қиёфаси марказдаги мактаблардан сира қолишмайди. Нафақат шарт-шароитлар жиҳатидан, балки ўқувчиларимизнинг билим савияси жиҳатидан етакчи ўриндамиз. Жумладан, шу йилги фан олимпиадаларининг вилоят босқичида 9 нафар ўқувчимиз фахрли ўринларни эгаллаб республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Албатта ютуқларимизнинг пойдевори Президентимизнинг таълим соҳасига қаратаётган эътиборидандир деб биламан. Масалан, мана шу 27-мактабни оладиган бўлсак, бу ерда яратилган шароитлар Президент мактабларидан қолишмайди. 

Умуман олганда мактабда дарслар замонавий услубларда олиб борилади. Бу эса ўқувчиларнинг билим олишга бўлган эҳтиёжини оширмоқда. Шунингдек, семинар давомида мактабдаги таълим жараёнлари билан танишган иштирокчилар муассаса ҳовлисидаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан ҳам қизиқди. Муассасада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 250 га яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган. 2000 дан зиёд атиргул, 1000 га яқин анор ва тут қаламчалари ўтқазилган. Саримсоқпиёз ва пиёз экилган. Мактабдаги иссиқхонада лимонлар баравж пишиб етилган. Ҳар йили 450-500 килограммгача ҳосил олинади. Бу каби амалий семинарларни ташкил этишдан мақсад тумандаги умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, муассасаларнинг ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишларини тўғри йўлга қўйиш, шунингдек, ҳар бир муассасада қўшимча даромад манбаларини яратиш, мавжуд моддий ресурсларни мактабнинг ўзида таълимни рағбатлантириш, моддий-техник базани мустаҳкамлашга йўналтиришдан иборат. 

Худди шундай амалий семинарлар тумандаги 72-умумтаълим мактаби, 12- ва 35- давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳам ўтказилди. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари