Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда Мудофаа вазирлиги тизимида анъанага айланган, ҳарбий оилалардаги аёлларнинг ўрни ва мавқеини юксалтиришга қаратилган “Мен намунали ҳарбий оила бекасиман” шиори остидаги “Балли аёллар” кўрик-танловининг ҳарбий қисм босқичи ўтказилди.
Мазкур танловда ҳарбий хизматчилар оилаларида ҳукм сураётган тотувлик, ўзаро ҳурмат ва миллий қадриятларга садоқатни намоён этиш, шунингдек, ҳарбий хизмат ортида турган фидокор аёлларнинг жамиятдаги муҳим ўрнини, балки оиланинг маънавий таянчи, фарзандлар тарбиячиси ва жамиятда фаол аёл эканликларини намойиш этдилар.
Кўрик-танлов тўрт шарт асосида ташкил этилди. Ҳар бир шарт ҳарбий оила бекасининг турли жиҳатларини — эпчиллиги, зукколиги, ижодкорлиги, миллий урф-одатларни билиши ва оиладаги аёлнинг беқиёс ўрнини очиб беришга хизмат қилди. Иштирокчилар саҳнада ўзларини ишонч билан тутиб, ҳар бир топшириқни маҳорат билан бажариб, ўзбек аёли нималарга қодир эканини яна бир бор исботладилар.
Танлов давомида иштирокчиларнинг миллий либосдаги чиқишлари, пазандалик ва уй-рўзғор ишларига оид маҳоратлари, саҳна маданияти ҳамда нутқий чиқишлари ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ҳарбий хизматчининг ишончли суянчи бўлиб келаётган аёлларнинг сабр-тоқати, садоқати ва маънавий етуклиги тадбирнинг бош ғоясига айланди.
Тадбир нафақат беллашув, балки самимий байрам, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат тантанаси бўлди. Ҳар бир иштирокчи ўз оиласи шаъни, ҳарбий либос ортидаги масъулият ва аёлга хос латофатни уйғун тарзда намоён этди.
Якунда ҳакамлар ҳайъати томонидан барча шартлар бўйича юқори натижа кўрсатган ғолиб ҳарбий оила бекаси аниқланиб, у Шимоли-ғарбий ҳарбий округи босқичида иштирок этиш учун йўлланма билан тақдирланди. Шунингдек, танловда қатнашган барча аёлларга эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири