Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Намунали боғча – баркамол авлод тарбияси кафолати
10:18 / 2026-02-14

Урганч шаҳрининг Камолот маҳалласида жойлашган 42-сон мактабгача таълим ташкилоти нафақат шаҳар, балки вилоят миқёсида ҳам намунали таълим муассасаси сифатида эътироф этилмоқда.

Муассаса фаолияти “Ўзбекистон Республикасининг илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари” ҳамда такомиллаштирилган “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида йўлга қўйилган. Таълим жараёнида замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллардан самарали фойдаланилмоқда.

Айни пайтда қарийб 200 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олаётган муассасада 15 нафар олий маълумотли педагог фаолият юритади. 

– Амалий ва назарий семинарлар, методик маҳорат соатлари мунтазам ташкил этилади, – дейди муассаса директори Саида Утекова. – Машғулотлар интерфаол усулларда олиб борилиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида ташкил этилмоқда. Бу болаларнинг мустақил фикрлаши, тил ўрганиши ва ижодкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади.

Муассасада ҳар бир боланинг шахсий ривожига алоҳида эътибор қаратилган.

– Биз учун ҳар бир бола алоҳида олам, – дейди тарбиячи Тамара Бабурина. – “Фаоллик марказ”лари орқали болаларнинг мустақил фикрлаши қўллаб-қувватланади. Улар машғулотларда фаол иштирок этиб, саҳна кўринишлари ва ижодий чиқишларда қатнашади.

Гуруҳ хоналари болаларнинг ёши ва психологиясига мос жиҳозланган. Замонавий кўргазмали воситалар таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Муассаса жамоаси ўтган йили шаҳар миқёсида ўтказилган “Жажжи нурли юлдузчалар” фестивалида “Аждодлар мероси” номинацияси бўйича биринчи даражали дипломга сазовор бўлди. Вилоят босқичида биринчи, республика босқичида эса иккинчи ўринни эгаллади.

– Мен боғчамни яхши кўраман, – дейди 5 ёшли тарбияланувчи Муҳаммадали. – Фестивалда шеър айтдим. Катта бўлсам, ҳарбий бўламан.

Муассасада маънавий-маърифий ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “Мустақиллик байрами”, “Ўлкамда Наврўз”, “Хотира ва қадрлаш куни” каби тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилади. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амир Темур каби буюк сиймолар таваллуди муносабати билан ташкил этилган кечалар болаларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

“Камолот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 30-сон мактаб билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Экологик ва ижтимоий тадбирлар орқали болаларда атроф-муҳитга эҳтиёткорлик, катталарга ҳурмат туйғулари шакллантирилмоқда.

Ота-оналарнинг ишончи муассаса жамоаси учун энг катта баҳодир.

– Фарзандим ҳар куни янги билим билан қайтмоқда, – дейди ота-оналардан бири Зубайда Рўзметова. – Инглиз тилида сўзлар айта бошлади. Энг муҳими, мустақил фикрлайдиган бўлиб улғаяётганини кўриб хурсандман.

Муассасада жисмоний тарбия машғулотлари, эрталабки бадантарбия ҳам мунтазам ўтказилади. “Соғломжон-полвонжон” мусобақалари болаларда чаққонлик ва жамоавийликни шакллантиради. Соғлом овқатланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, таомномалар белгиланган талаблар асосида тузилади.

[gallery-27657]

Қисқаси, мазкур таълим даргоҳида ҳар бир машғулот болаларни маънан етук ва жисмонан соғлом авлод этиб тарбиялашга қаратилган.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (cурат),

ЎзА мухбирлари