«Намуна» маҳалласи Боғот туманининг энг чекка ҳудудларидан бири саналмиш «Оғузработ» қишлоғида жойлашган маҳалладир. Ушбу масканда 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. «Намуна» маҳалласи ўзининг чорвачилик, асаларичилик, боғдорчилик соҳаларидаги ривожи билан машҳур десак, муболаға бўлмайди. Ушбу йўналишларда озуқа маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш , тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар талайгина.
Маҳалла аҳолиси сўзларига кўра, ушбу ҳудудда давлат хизматларига эҳтиёж жуда катта, бироқ туманда жойлашган Давлат хизматлари марказига бориш анча вақт ва нақд талаб этади. Айнан шу сабабли, туман Давлат хизматлари маркази ходимлари мунтазам равишда ушбу маҳалла ва «Оғузработ» қишлоғи ҳудудида жойлашган «Гулзор», «Юксалиш», «Усталар» маҳаллалари аҳолиси (13 мингга яқин) учун сайёр давлат хизматларини кўрсатиб келмоқдалар.
Куни кеча ўтказилган тадбир давомида, аҳолига 70 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлиб, тадбир иштирокчиларига тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва улар ўртасида давлат хизматларини олиш маданиятини, жумладан, электрон давлат хизматларидан фойдаланишга доир кўникмаларини шакллантириш, аҳолини оилавий ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўникмалари оширилди.
Иштирокчилар мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар юзасидан маълумотларга эга бўлдилар ва тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш мақсадида шу ернинг ўзида кўрсатилаётган мобил давлат хизматларидан фойдаландилар.
Шунингдек, ушбу жараёнда фуқароларнинг ФҲДЁ соҳасига оид масалалари юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилиб, масалаларни ҳал қилиш чоралари кўрилди.
Шу билан бирга, «Аёллар дафтари» ҳамда «Темир дафтари»га киритилган, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож бўлган фуқароларга давлат хизматлари ҳамда ФҲДЁ соҳасига оид ҳуқуқий маслаҳат, хусусан, қонунчилик ва тизимдаги янгиликлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА