English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик журналистлар ташаббуси қўллаб-қувватланди (+видео)
17:32 / 2023-12-31

Ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга мурувват кўрсатиш халқимизнинг азалий фазилатларидан биридир. Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрган айни кунларда бу қадриятларимиз ёрқин намоён бўлмоқда.

Ўтган йили Янги йил арафасида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов таклифи билан журналистлар, ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерлар томонидан кам таъминланган, моддий ва маънавий кўмакка ташна оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга байрам совғалари тақдим этилганди.

Мазкур хайрли ташаббус анъана тусини олиб, жорий йилда оммавий ахборот воситалари ходимлари тузган рўйхат асосида 250га яқин эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги ва етим болалари бўлган оилалар вакилларига байрам совғалари улашилди. Улар орасида 10 нафар фахрий журналистнинг ҳам борлиги таҳсинга лойиқ.  

Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида болажонлар учун Қорбобо ва Қорқиз, эртак қаҳрамонлари иштирокида концерт дастури уюштирилди. Вилоят сектор раҳбарлари томонидан ижтимоий дафтарларда турган фуқароларга мўлжалланган фонд ҳисобидан молиялаштирилган 18 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, кичкинтойларга мўлжалланган иссиқ кийимлар ва Янги йил туҳфалари тақдим қилинди.

– Орамизда чиндан ҳам ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар бор, аммо улар орияти сабабли рўзғоридаги муаммони айтишавермайди,– деди вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Бундай тоифадагилар ҳақида эса доим одамлар орасида юрувчи ижодкорлар яхши хабардор. Шу боисдан ҳам анъанамизга содиқ тарзда ОАВ вакилларининг фикрини инобатга олиб, хайрия тадбирини ўтказдик. Ўйлаймизки, бу ҳар томонлама адолатли.

Дарвоқе, бетоблиги ёки жисмоний имконияти чеклангани сабабли тадбирга келолмаган ўксик диллар ҳам йўқловдан бебаҳра қолишмади. Журналист ва ижтимоий тармоқ фаоллари совғаларни ўз эгалари манзилларига етказди.

[gallery-15295]

– Тақдир тақозосига кўра, бошимдан жуда кўп қийинчилик ва синовларни ўтказдим. Бундан тўрт йил аввал ёлғиз фарзандим 36 ёшида вафот этди. Уйимда бир ўзим яшашимга тўғри келди, – дейди  Наманган шаҳридаги Ибрат маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Диляра Сирожиддинова. – Аммо давлатимиз, маҳалладошларимиз асло ёлғизлатиб қўйишгани йўқ. Доимий равишда ҳолимдан хабар олиб, йўқлаб туришибди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирлик пункти таклифи асосида вилоят ҳокими томонидан байрам олдидан ғамхўрлик кўрсатилганидан бағоят миннатдорман.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),

ЎзА мухбирлари