Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик ёзувчининг океан ортидаги ижодий учрашувлари
19:52 / 2026-03-05

“Афғон шамоли”, “Жасорат” каби романлари билан адабиёт ихлосмандларининг меҳрини қозонган адиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исоқжон Нишонов айни кунларда Америка Қўшма Штатларида бўлиб, назм шайдолари ва таниқли адиблар билан учрашувлар ўтказмоқда.

АҚШдаги "Outskirts press" нашриёти тўрақўрғонлик адибнинг "Хазон бўлган болалик" ("Broken Blossoms") асарини чоп этганидан сўнг Америка ёзувчилар ассоциацияси Исоқжон Нишоновни ҳам ўз аъзолари сафига  қабул қилди. Яқинда мазкур ассоциациядан Нью-Йорк, Вашингтон, Балтимор каби шаҳарларда бўлиб ўтадиган халқаро ёзувчилар анжуманида иштирок этиш учун таклифнома олган ҳамюртимиз ҳозир океан ортида бўлиб турибди.  

Денвер шаҳридаги университет кутубхоналаридан бирида ўзбек ва америкалик ёзувчиларнинг талабалар билан ижодий учрашув кечаси бўлиб ўтди. Адибнинг таъкидлашича, учрашув Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ алломаларимиз ҳақида савол-жавоблар билан ёдда қолган. Талабалар миллий адабиётимиз, унинг тарихи ва бугунги тараққиёти ҳақида чуқур қизиқиш билдирди.

– Метрополитен университетида ўтказилган китоб ярмаркасида танишган америкалик таниқли ёзувчи Бред бизни ўз уйига меҳмонга таклиф қилган эди. Бу таклифни бажонидил қабул қилиб, уйида бўлдим, – дейди ватандошимиз Исоқжон Нишонов. – Уни ёзувчи сифатида машҳур қилган асари – “The Last Zephyr” (“Сўнгги майин шамол”) романидир. Асар ҳаётий драматизм, кутилмаган ечимлар ва қаҳрамонларнинг руҳий изтироблари билан китобхон қалбига чуқур кириб боради. Бред ва турмуш ўртоғи Барбара хоним билан жаҳон адабиёти ҳақида жуда фойдали суҳбатлар қилдик. Америкалик ёзувчи Ўзбекистон ва ўзбек адабиётига жуда қизиқиб қолди. Эртасига электрон почтамга "2027 йилнинг кузида Ўзбекистонда кўришамиз” деб ёзиб юборибди.

Дарҳақиқат, наманганлик адибнинг олис Америка бўйлаб ижодий сафари адабиёт миллат ва макон танламаслиги, китоб ва самимият қалбларни бирлаштиришини яна бир карра исботламоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА