English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик ёшлар Қатарда
15:56 / 2025-11-14

Ўзбекистоннинг Қатар давлатидаги элчихонаси томонидан Наманган вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда бошланган ёшлар учун ўқув дастури Ўзбекистон ёшларини глобал миқёсда тан олинган касб-ҳунар кўникмалари билан таъминлашга қаратилган.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон прогрессив ислоҳотлар маркази ҳамда Қатарнинг Доҳа фан ва технология университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва бу икки мамлакат ўртасидаги касб-ҳунар кўникмалари маркази учун пойдевор яратди. 

Наманганлик 15 нафар ёш мутахассис Доҳа фан ва технология университетида ўн ойлик ўқув дастурини амалга ошириш учун Қатарга етиб келди. Ўқув дастури якунлангач, улар Наманганда янги ташкил этилган Ўзбекистон-Қатар касб-ҳунар кўникмалари марказида сертификатланган мураббийларга айланади.

Марказ ҳар йили тахминан 1000 нафар мутахассисни бешта юқори талабга эга соҳада, яъни пайвандлаш, сантехника, электр ишлари, ҳамширалик иши ва умумий муҳандислик бўйича тайёрлашга мўлжалланган.

Айни кунларда араб давлатларида бўлиб турган Наманган вилояти делегацияси вакили, “Ахсикент” археологик ёдгорлик парки раҳбари Анвар Икромовнинг қайд этишича, Қатар Тараққиёт жамғармаси ҳам ушбу лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун потенциал ҳамкор сифатида кўриб чиқилмоқда.

Доҳа университетининг ўқув дастури иштирокчиларни ушбу ўрта даражадаги мутахассисликлар бўйича тажриба билан таъминлайди. Битирувчилар халқаро миқёсда тан олинган сертификатларга эга бўладилар ва Қатар, Яқин Шарқ, Европа ва Қўшма Штатларда иш имкониятларига эга бўлади. Ушбу ҳамкорлик маҳаллий ва глобал иқтисодиётга ҳисса қўша оладиган малакали мутахассисларни тайёрлашда муҳим босқични англатади. 

Ўзбекистон-Қатар касб-ҳунар кўникмалари маркази нафақат Наманганда балки икки мамлакатимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.