Она Ватан олдидаги масъулиятни теран ҳис қилиш, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчидир.
Янги Наманган туманида жойлашган вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказида бўлиб ўтган тантанали кузатиш маросимида сафланган, ҳарбий хизматга йўл олаётган наманганлик мард ўғлонларнинг юзу кўзида ана шу дахлдорлик ҳисси намоён бўлди.
[gallery-27997]
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси раҳбарияти Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Ойбек Саидовга бир гуруҳ йигитлар муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун белгиланган ҳарбий қисмларга жўнаб кетишга тайёр эканлиги ҳақида ахборот берди. Шундан сўнг ҳарбий оркестр томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси ижро этилди.
Наманган вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Шавкат Абдураззоқов Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев бошчилигида миллий армиямизни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.
Маросимда соҳа фахрийлари, ота-оналар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш бугун ҳар бир йигит учун шарафга айланганлигини айтишди. Тадбирда бўлажак аскарларга оқ йўл тиланди.
Миллий гвардия хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари олқишланди. Маросим якунида ҳарбийга отланаётган ёшларга эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА