Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик ёш дастурчига хориждан даромадли таклифлар бўлмоқда
10:13 / 2021-06-17

Наманган вилояти Наманган шаҳридаги 2-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 9-синфини тугатган Умар Улфориқ Рустамовнинг болаликдан буён компьютер ва ахборот технологияларига қизиқиши бўлакча. Қатъий аҳди ва интилишлари натижасида дастурлар бўйича ишлаш ва сайтлар яратиш билан шуғулланади.

Эътиборлиси, унинг лойиҳаларига буюртмалар, асосан, Россия Федерациясидан келмоқда. Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари ва Жанубий Кореядан тушган буюртмалар бўйича сайтни такомиллаштириш ва янгидан яратиб беришни самарали бажарган ёш дастурчига йирик лойиҳалар бўйича ҳам ҳамкорлик таклифлари бўлиб турибди. Унинг биттагина лойиҳаси учун 6 минг 700 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўланган.

– Сайтни яратиш осон юмуш эмас, ўзига яраша қийинчликка эга, – дейди Умар Улфориқ Рустамов. – Битта лойиҳа учун 15-20 кундан, 2-3 ойгача ишлаймиз. Аввалги пайтларда ўзим мустақил ўрганган ва сайтларни бир ўзим яратган бўлсам, айни кезда олти кишилик жамоа билан биргаликда ишлаяпмиз. Уларнинг барчаси 7-11-синф ўқувчилари бўлиб, лойиҳаларни яратишда иштирок этади.

Улкан марралар сари дадил олға қадам ташлаётган ёш дастурчига ҳавас қилсак, арзийди. Фрилансинг бўйича фаолият юритиш баробарида стартап лойиҳалар устида ишлаётган Умар Улфориқ ойига 500-600 АҚШ доллар миқдорида даромад топмоқда. У ҳозиргача қилган даромади ҳисобидан оиласи учун “Жентра” автомашинасини сотиб олди.

Рус, турк, араб, инглиз тилларини биладиган ўқувчи “Ўзбекистон учун 100 ғоя” ва “Стартап ташаббуслар” танловларида ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда.

Тинимсиз изланаётган, илму заковат соҳиби бўлишга астойдил интилаётган Умар Улфориқ Рустамов каби наманганлик ўқувчи-ёшларнинг ютуқларини кўрганда, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган фикр айни ҳақиқат эканини англаймиз.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА