English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик уюшмаган ёшлар "Заковат" да баҳслашди
21:53 / 2022-03-19

Наманган шаҳридаги “Диёр” тантаналар мажмуасида вилоят ҳокими кубоги учун “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган танловнинг финал босқичида шаҳар ва туман ҳудудий босқичларида сараланган 14 та маҳалла жамоаси иштирок этди.
Аҳоли, айниқса, уюшмаган, яъни аниқ машғулот ёки таълимда банд бўлмаган ёшлар орасида илм, китобхонлик, заковатни кенг тарғиб қилиш, уларнинг тафаккури ва билим салоҳиятини ўстиришга қаратилган мазкур танлов учта – маҳалла, сектор (туман ёки шаҳар) босқичларида ташкил этилди. Уларда 7 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз ўз билимини синовдан ўтказди. Ҳал қилувчи босқичда маҳалла ва ҳудудий босқич жараёнларида тобланган, ҳар бир маҳалладан бир нафардан, таркибида ёшлар етакчиси билан бирга етти кишидан иборат жамоалар шакллантирилди.
Танловнинг якуний босқичида иштирокчилар 20 та саволга жавоб берди. Эътиборлиси, саволлар асосан бадиий асарлардан келиб чиққан ҳолда берилди. Бу эса ёш авлоднинг мутолаа маданиятини ошириш, китобхонликка бўлган қизиқишини оширишга ундайди. Танлов натижаларига кўра, энг юқори 13 балл тўплаган Учқўрғон туманидаги Кўприкбоши маҳалласининг иқтидорли ёш ўғил-қизларидан иборат “Келажак” жамоаси “Заковат” интеллектуал ўйинида ғолиб бўлди. Вилоят ҳокимининг кубоги ва қимматбаҳо совринлари билан тақдирланди. 
Шунингдек, 12 балл олган Чуст туманидаги Дўзанда маҳалласининг “Чустликлар” жамоаси фахрли иккинчи, Янги Наманган туманидаги Соҳил маҳалласининг “Соҳил” жамоаси учинчи ўринни эгаллади. 
– Вилоятимизда илк маротоба ўтказилган танлов биз, ёшларни ўз устимизда изланишга, билим ва ақлий салоҳиятимизни оширишга ундади, – дейди “Чустликлар” жамоаси аъзоси Улуғбек Акрамов. – “Заковат” танловига пухта ҳозирлик кўришда маҳалламиз ёшлар етакчиси Жўрабек Маҳмудовнинг ҳиссаси катта бўлди. Етакчининг саъй-ҳаракати билан гузаримиз кутубхонасининг китоблар фонди бойитилмоқда. Маҳалламиздаги ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида “Заковат” клуби, 2-мактабда дарслардан кейинги пайтда “Киберспорт” фаолияти йўлга қўйилган.
“Заковат” ўйини ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, Янги Наманган тумани ҳокими Жобирхон Абдуллаев, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Мирзатов иштирок этди.

[gallery-6235]

Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.