Мамлакатимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароитларни яратиш, шу жумладан хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, интеллектуал салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот кутубхонасида “Заковат” мусобақаси ўтказилди.


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан ЎзМТДП дастурий вазифалари ижроси доирасида уюштирилган мазкур тадбирда вилоятдаги етакчи олий таълим муассасалари талаба қизлари иштирок этди. Хусусан, билимлар танлови Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган давлат чет тиллар институти ва Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг талаба қизларидан иборат 22 та жамоа ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда кечди.
Энг зукко ва билимдон қизлар партия вилоят кенгашининг махсус сертификати, ташаккурнома, рағбатлантирувчи мукофот ва китоблар тўплами билан тақдирланди. Шунингдек, ғолиб жамоаларга 1 миллион 500 минг, 1 миллион ва 500 минг сўм миқдоридаги пул мукофотлари ҳам тақдим қилинди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА