Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик тадбиркорларнинг тажрибаси оммалаштирилади
12:17 / 2021-02-19

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Чуст туманидаги “Chust textile” корхонаси фаолияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари бу ерда ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди. Соҳа мутахассислари билан суҳбатлашиб, ушбу йўналишларда бир қатор вазифалар белгиланди. Тадбиркорларнинг амалга ошираётган лойиҳалари, жорий қилаётган янгиликлари, ташаббусларини ушбу соҳада кенг тарғиб қилиш ва уларнинг тажрибасини оммалаштириш хусусида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом ҲАЙДАРОВ ЎзА мухбирига гапириб берди.  

–  Вилоятда текстиль маҳсулотлари экспорти бўйича етакчилардан бирига айланган ушбу корхона бугунги кунда фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш устида иш олиб бормоқда, – дейди И.Ҳайдаров. – Президентимиз танишув давомида иккита вазифага алоҳида эътибор қаратди. Биринчиси, корхона қурилишида илғор, тежамкор технологиялардан фойдаланилган. Анъанавий қурилиш материалларига қараганда арзон ва сифатли бўлгани сабабли мамлакатимизда бу тажрибани кенг оммалаштириш кераклиги бўйича топшириқ берилди.  

Иккинчиси, қурилишда тежалган маблағларни энг замонавий энергия тежамкор, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи техникаларни олиб келишга ишлатиш зарурлигини айтиб ўтди. Натижада ишлаб чиқариш маҳсулотларининг таннархи тушади ва дунё бозорида ўз ўрнини эгаллайди.  

Шу билан бирга, текстиль маҳсулотларининг сифатини янада оширишга эътибор қаратамиз. Айнан “Chust textile” корхонаси мисолида кўрадиган бўлсак, калавадан матони ўзи ишлаб чиқаради ва бўяйди. Навбатдаги босқичда харидорларнинг талабига қараб турли кийим-кечаклар ишлаб чиқарилмоқда. Муҳими ўз брендига эга. Хориж бозорида маҳсулотларига талаб бор.  

Президентимиз текстиль соҳасини ривожлантириш борасида яна бир қатор масалага тўхталди. Хусусан, маҳсулотлар таннархини тушириш, сифатини ошириш ва шуни эвазига экспорт қамровини кенгайтириш керак бўлади. Таъкидлаш лозимки, ҳозир вилоятлар ўртасида бу борада соғлом рақобат муҳити бор.  

Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб келгуси йил Наманган вилояти экспорт кўрсаткичларини 600 миллион долларга етказиши кераклиги қайд этилди. Вилоят тадбиркорлари яратилган имкониятлардан яхши фойдаланади.  

Ўйлайманки, яхши, кенг қамровли натижаларга албатта эришамиз.  

ЎзА мухбири  

А.Мусаев ёзиб олди