Айни пайтда маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, бошқарма, ташкилот, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва сектор раҳбарлари, ишбилармонлар доиралари вакилларидан иборат Наманган вилояти делегацияси амалий ташриф билан қўшни Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятида бўлиб турибди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация аъзолари Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттар Сиргабоев томонидан қабул қилинди. Мазкур амалий мулоқотда икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ва ўзаро дўстлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган расмий учрашув чоғида экспорт-импорт масалаларида ҳамкорлик ўрнатиш, хусусан, Наманганга қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, гўшт, маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва кўмир етказиб бериш, Жалолобод вилоятига эса тикувчилик ва озиқ-овқат саноатини олиб кириш бўйича истиқболли режаларни амалга ошириш хусусида сўз юритилди.
Ҳозирги кунда Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятида 1 миллион 238 минг аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 26 фоизи ўзбекларни ташкил этади. Жалолободда ўзбек тилига ихтисослашган 21 та мактаб фаолият юритмоқда, уларда маҳаллий ҳукумат томонидан зарур шарт-шароитлар яратилган. «Янги тонг» номи билан фаолият олиб бораётган газеата таҳририяти айни вақтда 3 минг ададда чоп этилмоқда. Наманган делегацияси аъзолари Жалолобод вилоятида яшаб келаётган ватандошларимиз билан учрашди.
Делегация вакиллари Жалолобод губернатори ҳамроҳлигида "Двойняшки" номли қандолатчилик маҳсулотлари фабрикаси иш фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур корхонада юздан ортиқ хотин-қиз доимий иш билан таъминлаган. Ушбу корхона маҳсулотларига ички бозорда талаб жуда юқори.
“Kelechek” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган минерал сувлар нафақат, Қирғизистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон бозорларида ҳам ўз ўрнини топиб улгурди. Маъданли ва бошқа турдаги ичимлик сувлари ишлаб чиқараётган мазкур корхона фаолияти билан ҳам танишилди.
Дастур асосида бир қатор саноат ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам бўлинди. Жалолободнинг Спутник шаҳарчасида жойлашган Ўрта Осиё тошни қайта ишлаш корхонасида нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Ўзган туманида катта тош кони мавжуд бўлиб, қурилиш саноати корхоналари учун зарур хомашё ҳисобланадиган травертин каби тошлар шу ердан келтирилади.
[gallery-2731]
“Mira” савдо белгиси билан турли хил қишлоқ хўжалик маҳсулотларини консервалаш, шарбатини олиш, қадоқлаш, ичимлик сувлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш билан муваффақиятли шуғулланиб келаётган корхона иши кузатилди. Наманган ва Жалолобод вилоятлари раҳбарлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашди.
Жалолобод вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилди. Унда Наманган вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, қўшни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти билан чегарадош туманлар ҳокимлари, экпортёр тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари бўйича ўзаро музокаралар олиб борилди.
– Ўзбек ва қирғиз халқлари битта ариқдан сув ичадиган, тили ва дини бир, ўзаро мақсадлари муштарак бўлган аҳил ва тотув элмиз, – дейди “Art soft Holding” компанияси раҳбари Ғиёсиддин Бобохонов. – Ҳамкорлигимиз кенгаймоқда, шундан хурсандмиз. Жалолободлик ҳамкорларимиз корхонамизга ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорлик қилиш истагини билдирган эди. Музокараларимизнинг амалий натижаси сифатида, Жалолобод шаҳрида қиймати 25 миллион АҚШ долларга тенг бўлган, 450 кишининг бандлигини таъминлайдиган, пахтадан ип ва ипдан момиқ сочиқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган фабрикалар қурамиз. Ҳамкорликдаги ушбу лойиҳамизни 2022 йилнинг учинчи чорагида ишга туширишни режалаштирганмиз.
«Наманган-Жалолобод» бизнес форуми ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда ҳар икки вилоят раҳбарлари, раҳбар ўринбосароари, чегарадош туман ҳокимлари, тадбиркорлар ва ишбилармонлар иштирок этмоқда.
Наманган вилояти делегациянинг Жалолобод вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА