Наманганлик сув полочилар Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлди
Пойтахтимизда сув полоси бўйича U13 ёш тоифасида Ўзбекистон чемпионати суперфинали якунланиб, йигитлар ва қизлар ўртасида ғолиб ҳамда совриндор жамоалар номи аниқ бўлди.
Мусобақанинг сўнгги кунида қизлар ўртасида Хоразм ва Наманган вилояти жамоалари баҳси 19:21 ҳисобида якунланган бўлса, Жиззах 14:3 ҳисобида Сурхондарёни таслим қилди. Ўғил болалар беллашувида Наманган сув полочилари пойтахтлик рақибларини 19:11 ҳисобида енгди. Жиззах эса 13:2 ҳисобида Фарғона жамоасидан устун келди.

Шу тариқа, якуний натижаларга кўра, Наманган вилояти йигитлар ва қизлар жамоаси олтин медалга сазовор бўлди. Жиззах сув полоси жамоаси ҳар икки тоифада бронза медалига лойиқ кўрилди. Қизлар ўртасидаги кумуш медаль Хоразм, йигитлар орасида эса Тошкент шаҳри жамоасига насиб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА