English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик пиллакорлар шарафланди
16:53 / 2022-07-18

Наманган шаҳридаги “Диёр” тантаналар мажмуасида қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири пиллачилик фидойилари тантанали тақдирланди.

“Бир пиёла чой” байрам дастурхонига йиғилган байрамона тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов мавсумни кўтаринки руҳда ўтказишга ва салмоқли ютуқларга эришилишида муносиб ҳисса қўшган азамат пиллакорлар, кластер ва фермер хўжаликлари ҳамда агропилла жамиятлари фаолларини қутлаб, уларга қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.  

Эътироф этиш жоиз наманганлик пиллакорлар учун жорий йил ғоят самарали бўлди. 2030 тонна сифатли “кумуш тола” етиштирилиб шартномавий режа уддаланди. Пилла ҳосили учун вилоятдаги 2 минг 437 та фермер хўжалиги ва 7 минг 423 нафар касаначи билан шартномалар, ўз навбатида ипак қурти боқиб, ҳосил етказиб бериш юзасидан 65 минг 931 нафар қурт боқувчи ўртасида меҳнат шартномалари тузилди.  

“Чилги ҳосил” – баҳорги пилла етиштириш мавсумини юксак уюшқоқлик ва интизом билан олиб борилгани, агротехник қоидаларга эътибор қаратилгани натижасида Наманган вилоятида биринчи ва иккинчи пилла етиштириш мавсумининг ўзида 35 минг 351 қути ипак қурти парваришланиб, ҳар қутидан ўртача 57,4 килограммдан ҳосил олинди. Шартномавий режа 101 фоизга бажарилиб, ўтган йилдаги режага нисбатан 130-140 тонна кўп ҳосил кўтарилди.  

Бундай муваффақиятга эришилишида энг аввало, Норин туманидаги “Фозилжон қизи Зулхумор”, Поп туманидаги “Зиёрат поп”, Чуст туманидаги “Наби Собир”, Наманган туманидаги “Тепақўрғон ЛХС”, Чортоқ туманидаги “Отабек Сулаймонқул Жасур”, Учқўрғон туманидаги “Абдулҳамид ота”, Мингбулоқ туманидаги “Мингбулоқ обод замин”, Тўрақўрғон туманидаги “Чорбоғ замин гулшани” сингари фермер хўжаликларининг залворли меҳнатларини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу пешқадам заршунослар ҳар қути уруғидан ўртача 65-80 килограммдан ошириб ҳосил кўтарди.  

Дарвоқе, пиллачилик тармоғининг ўзига хос жиҳатларидан бири қишлоқ жойларида аҳолининг ишсиз қатламлари, айниқса, 35 мингдан ортиқ хонадонлардаги уйда ўтирган меҳнатсевар аёл-қизларнинг мавсум давомида бандлиги таъминлангани бўлди. 

– Ҳар бир пиллакор меҳнатига яраша рағбат топса, янада астойдил ишлашга, янги марралар сари интилишда куч-қуввати, ғайрати жўш ураверади, – дейди Янгиқўрғон туманидаги “Қўриқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи касаначи Сайдарали Эргашев. – Якунланган мавсум давомида тўққиз қути ипак қурти боқиб, давлатга 1,2 тонна “кумуш тола” топширдик. Бунда уч гектар майдонда тутчилик плантацияси ташкил этганимиз ва оилавий асосда иш олиб борганимиз яхши самара берди. Бир мавсумда ипак қуртидан икки марта ҳосил олдик, даромадимиз ҳам шунга яраша бўлди. Оилавий бюджетимизга жами 35 миллион сўм наф келди.  

Президентимиз берган зўр имконият ёрдамчи-ишчи сифатида ипак қурти боққанларга Пенсия жамғармаси ҳисобидан 1 йиллик иш стажи юритилади, қолаверса, улар давлатга солиқ тўлашдан озод этилади.  

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Агросаноат комплекси раҳбари Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА