Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик пахтакорлар зафар маррасида
17:44 / 2025-10-27

Бугун Наманган вилояти пахтакорлари давлатга пахта сотиш бўйича йиллик шартнома режасини ортиғи билан бажардилар. Икки ой давом этган терим натижасида қабул пунктларига 214,2 минг тоннадан зиёд қимматли саноат хомашёси етказиб берилди.

Фидойи деҳқонларимиз, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари янги ҳосил учун ерни шудгорлашдан бошлаб, чигит экишу ниҳолларни агротехник талаблар асосида парваришлаш, етиштирилган ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиштириб олишгача даврда самарали меҳнат қилдилар.

Вилоятда 2025 йил пахта ҳосили учун 48,9 минг гектар майдонда ғўза парваришланиб, ҳар гектар майдондан ўртача 44 центнердан ҳосил кўтарилди. Бинобарин, 28 минг гектар майдонга хорижий серҳосил чигит навлари экилгани яхши натижа берди. Етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда йиғиб олиш учун бу йил кластер ва фермерлар томонидан 70 та янги пахта терим машинаси сотиб олиниб, уларнинг умумий сони 170 тага етказилди. Бунинг натижасида, жорий ҳосилнинг 79 минг тоннасини ёки 40 фоизи техникалар ҳисобига йиғиштириб олинди.

Пахтачиликда изланишлар, янгиликларни қўллаб-қувватлаган фермерлар илмий ёндашувлар асосида юқори ҳосил олиш асносида, техника кучидан ҳам унумли фойдаланишди. Эътироф этиш даркор, 600 дан зиёд фермерлар шартномавий режани ортиғи билан уддалаб, катта хирмонга улкан ҳисса қўшдилар. Илғор фермерлар 70-80 центнерга етказиб, ҳосил кўтардилар. Мингбулоқ туманидаги “Файзимуҳаммад ота Ч”, Тўрақўрғон туманидаги “Комилов Турсунбой”, Поп туманидаги “Иқбол Самандар”, Чуст туманидаги “Бекнур” фермер хўжаликлари ана шулар жумласидан.

[gallery-25941]

Айниқса, Мингбулоқ, Поп, Чуст, Тўрақўрғон ва Наманган туманлари заршунослари йиғим-теримда пешқадамлик қилиб, йиллик шартнома режаларини илғорлар қаторида адо этдилар. Терим суръатини ошириш мақсадида тегишли масъуллар, фахрий оқсоқоллар билан биргаликда жойларда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳам ўз натижасини берди. Терим отрядларига 121 мингдан зиёд теримчилар жалб этилди. Эътиборлиси, ўз ихтиёри билан қишлоқ хўжалиги юмушига қўшилган ўнлаб кишилар мавсум давомида оилавий тарзда мўмай даромад манбаига ҳам эга бўлди. 

Вилоятда режа адо этилган бўлса-да, далаларда иш қизғин. Шу билан бир қаторда, келаси йил ҳосилига пухта замин ҳозирлашга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.