Юртимиздаги умумтаълим мактабларида замонавий ахборот технологияларини ўқитишнинг изчил йўлга қўйилиши ёш авлод вакилларининг “IT” соҳасига қизиқишини ошириш ва бу орқали жаҳонга чиқишларида муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, Наманган вилоятидаги таълим даргоҳлари ўқувчилари орасида “IT” ва “креатив индустрия” га ҳамоҳанг график дизайн, дастурлар ва сайтлар яратиш, уларни такомиллаштириш устида ишлаётган истеъдод соҳиблари бисёр. Ана шундай иқтидор эгаларидан бири Азизбек Ёқубжонов бўлиб, у бугунги кунда Наманган шаҳридаги 34-сонли умумтаълим мактабининг 10-синфида таҳсил олади.

Икки йилдан буён график дизайн ҳамда “3D-моделинг” билан профессионал даражада шуғулланаётган бу ўқувчи салмоқли ютуқларга эришмоқда. Ҳозирга қадар уч юздан зиёд лойиҳалар бўйича иш олиб борган Азизбекнинг яратган уй ишлари, замонавий жисмларнинг “3D” моделлари айни пайтгача АҚШ, Россия, Қозоғистон каби давлатларга сотилган. Доимий профессионал фаолият ва ўз устида тинимсиз ишлаш натижасида у айни пайтда ойига ўртача 500 долларгача даромад топмоқда.
– Ҳар бир лойиҳани тайёрлаш иш кўламига қараб бир кундан бир ҳафтагача вақтни тақозо этади, – дейди Азизбек Ёқубжонов. – Лойиҳалар ижросида Германия ва Япония билан ҳамкорлик қилаётган “United it clubs” марказида ўзим сингари ёшлар билан биргаликдаги изланишларимиз ўз мевасини беряпти.
Ахборот технологияларига астойдил қизиққан Шоҳруҳ Ортиқмашрабов эса Наманган шаҳридаги 6-сонли давлат ихтисослаштирилган мактабда ўқийди. Бугунги кунда “Fluggi it” ўқув марказида график дизайн билан шуғулланаётган зукко ўқувчи элликдан ортиқ муаллифлик лойиҳаларини АҚШ ва Европа давлатларига реализация қилган. У график дизайн, дастурлаш ва маркетинг йўналишларида иш олиб боради. Шоҳруҳнинг ўқув марказида тенгдошлари билан биргаликда жамоавий тарзда тайёрлаган лойиҳаларининг ҳар бири 25 доллардан 3 минг долларгача баҳоланмоқда. Улар орасида бир қатор хорижий компанияларнинг логотип ва баннерлари, мамлакатимиздаги нуфузли брендларнинг веб-сайтлари бор.
Мазкур лойиҳаларни тайёрлаш мураккаблиги ва қамровига кўра уч кундан олти ойгача фурсатни олади. Шоҳруҳ ва унинг дўстларига шу кунларда веб-сайтлар дизайни ҳамда логотиплар тайёрлаш бўйича АҚШ ва Аргентинадан таклифлар келиб тушмоқда. Таъкидлаш керакки, Наманган вилоятида ахборот технологиялари жабҳасида фаолият олиб бораётган 130 дан ортиқ субъектлар томонидан ўтган йилнинг ўзида 26,2 миллиард сўмлик дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилиб, хизматлар кўрсатилди. Резидентлар томонидан амалга оширилган экспорт ҳажми эса 515 минг АҚШ доллардан ошди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА