Президентимизнинг куни кеча Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига ташрифи чоғида ўқитувчи ва мураббийлар билан ўтказган мулоқотида ҳар йили ўн минглаб мактаб ўқувчилари хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатларга сазовор бўлаётганлиги, эндиликда мазкур ҳужжатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олиниши эътироф этилди.
Оксфорд университетининг наманганлик докторанти Нодира Набиева эшитиш қобилиятини йўқотган ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиш бўйича инновацион методика яратди. Германия ва АҚШдаги олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари бу методикадан фойдаланаётгани ғоят қувонарлидир. У эшитишида нуқсони бўлган болаларга инглиз тилини ўқитиш бўйича инновацион методика ишлаб чиққан, ҳамда унинг услубий қўлланмалари 8 та чет тилига таржима қилинган.
Эътиборлиси, давлатимиз раҳбари энг катта ният ва мақсад сифатида – таълим ва яна бир бор таълимга эътибор бериб, бундай истеъдодли ва фидойи ёш ўқитувчилар сафини кенгайтириш, бунинг учун ҳар қандай шароитларни яратиб беришга тайёрлигини билдирди. Дарвоқе, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 37-мактабда инглиз тили ўқитувчиси Нодира Набиева мазкур мулоқотда билдирган таклиф мамлакатимиз раҳбари томонидан маъқулланди.
[gallery-25332]
Ёш педагог фаолияти юқори баҳоланиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ишга қабул қилиниши бўйича топшириқ берди. Бунинг ижроси сифатида, у агентлик тизимидаги “International Inclusive Hub” халқаро таянч инклюзив профессионал таълим марказига ишга қабул қилинди. Болалигидан муаллимликка меҳри баланд бўлган Нодира Набиева Наманган давлат университетида талабалик кезларида инглиз тили фанидан ўтказилган фан олимпиадаларнинг республика босқичида ғолиб чиқди. Навоий номидаги стипендияни олишга эришди.
Бакалавриат босқичини тугатиб, Наманган давлат чет тиллар институтига давлат гранти асосида магистратурага қабул қилинди ва элликка яқин илмий мақолалари 17 та давлатнинг Олий аттестация комиссиясидан ўтган халқаро журналларда чоп этилди. Магистр даражасини ҳам имтиёзли эгаллади. Ёш муаллима тайёрлаган қўлланма Германияда электрон китоб ҳолида чоп этилди. Худди шу қўлланма Американинг Галлодет университети томонидан қўшимча ўқув қўлланма сифатида фойдаланиш учун 5 минг долларга харид қилинди.
2025 йил арафасида вилоят ҳокими ташаббуси билан ўтказилган “Энг маънавиятли ёш ўқитувчи” кўрик-танловида ғолиб сифатида эътироф этилиб, 15 миллион сўм пул мукофот билан тақдирланди. Қувонарлиси, улкан муваффақиятлари орқали тенгдошларига ибрат намунасини кўрсатаётган муаллима Президент совғаси – “BYD Chazor” русумли замонавий автомобиль билан тақдирланди. Ёш муаллима бугун мамлакатимиз раҳбари билан вилоятга ташриф чоғида юзма-юз кўришиб, дилдан мулоқот қилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.