Яқинда Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида 2007-2008 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида белбоғли кураш бўйича ўтказилган халқаро турнирда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Наманган вилояти Уйчи тумани полвонлари муносиб натижаларга эришди.
Осиё ва Европа давлатларининг кўплаб сара паҳлавонлари ташриф буюрган мазкур мусобақада вакилларимиз битта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалларни қўлга киритди. Хусусан, Наманган давлат педагогика институти биринчи курс талабаси Асадбек Абдураҳматов 72 килограммдан оғир вазнли спортчилар орасида барча рақибларини енгиб, ғолибликни қўлга киритди.

Финалгача бўлган баҳсларга мағлубиятсиз етиб келган Тимур Неъматуллаев 55 килограмм вазнда фахрли иккинчи ўринни эгаллади. 50 килограмм вазнда гиламга чиққан Илёсбек Ҳамитбоев ва 60 килограмм вазнга эга Мафтуна Рустамова турнирни кучли учликда якунлади.


Қайд этиш даркор, спортчиларимизга халқаро тоифадаги ҳакам Элмурод Абдуллаев, мураббий Анваржон Қутбиддинов ва “Нурафшон” корхонаси директори Ғуломжон Абдуллаев раҳбарлик қилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.