ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган туманида жорий йил мавсумида пиллакорлар томонидан парваришланаётган 3 минг 349 қути ипак қуртидан 191 тонна пилла етиштириш режалаштирилган.
Ҳозирга қадар туманнинг ММТП ҳудудидаги 26 қути ипак қуртидан 1 минг 600 килограммдан ортиқ пилла ҳосили териб олинди.
Таъкидлаш жоиз, туманда ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш мақсадида баҳорги мавсумда 400 минг дона тут кўчати экиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтга қадар дала қирғоқларига ҳамда тутзор ораларига 500 минг тут кўчати экилди.
Мавсумда Наманган туманидаги “Фазлиддин ўғли Шамсиддин” фермер хўжалиги пиллакорларининг ҳосили мўл.
[gallery-7167]
Тепа Қиёт маҳалласида истиқомат қилаётган Матлуба Жалилова оиласи эса 21 грамм ипак қуртидан 157 килограмм қуруқ ва юқори сифатли саноат хомашёси йиғиб олди. Сўриларда ҳали анча ҳосил бор – пировард натижа 200 килограммдан ортади. Унинг маҳалладоши Нодира Эргашева уйган хирмон эса 147 килограммни ташкил этди.
– Жорий мавсумда ипак қуртини хоразмча усулда парваришладик, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Ғойипов. – Унинг афзаллиги шундаки, қуртлар уч қават, яъни икки қават сўрилар ва ерга жойлаштириш ҳисобига сийраклатиб боқилади. Бунда пилла доналари йириклашиб, ҳосилдорлик салкам 50 фоизга ортади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ, ЎзА