French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик фаол сардорлар “Йил сардори”нинг якуний босқичида қатнашади
20:45 / 2021-04-22

Наманганда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил сардори” Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур танловда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган фаол ва ташаббускор, билимга чанқоқ, иқтидорли 26 нафар сардор ўзаро беллашди.

Қайд этиш лозимки, ҳар йили ўтказиб келинаётган танлов ёш ўғил-қизларнинг ўзаро дўстлашуви, тажриба алмашинуви орқали ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг етакчилик, ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш, фаол сардорларни рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда.

Таълим муассасалари, ёшлар ташкилотларидаги 10-14 ёшдаги “Камалак” ва 14-18 ёшдаги “Иттифоқ” сардорлари саналган танлов иштирокчилари “Мен сардорман!”, “Менинг бўш вақтим”, “Интеллектуал ринг”, “Менинг келажагим” шартлари бўйича ўз билим ва иқтидорини намоён этди. Ноодатий, ажойиб чиқишлар томошабинларга позитив руҳ ва ўзгача кайфият бағишлади.

Давлатобод туманидаги 82-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Равшанбек Раисов ўз олдига улкан мақсадларни қўйган, тенгқурларини “Ватан дўстлик ва бахтли болалик учун” шиори остида эргаштира оладиган истеъдод соҳибларидан. У пандемия даврида ташкил этилган 850 нафар ўқувчи қатнашган “Онлайн олимпиада” платформасида 18 та фан бўйича билимларини синаб кўрди. Ёшлар муаммолари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари баён этилган “Бошлаш учун эрта ҳам, кеч ҳам эмас” номли иншоси Республика танловида ғолибликка лойиқ, деб топилди.

– Орзу қилиш билан иш битмайди, бунинг учун тиним билмай илм олишга интилиш, ўз устимда ишлашим керак, – дейди Равшанбек Раисов. – БМТ бош котиби Антонио Гуттерешнинг “Изланингиз, ўқингиз, интилингиз. Чекка жойлардан ҳам иқтидорли ёшлар чиқиб, юртини дунёга танитиши мумкин”, деган фикрлари менга мотивация беради.

Танловнинг якуний натижаларга кўра, Норин тумани сардори Муштарий Қосимжанова “Камалак” сардорлари орасида ғолиб чиқиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўрин чустлик Нозима Азимова ва учинчи ўрин уйчилик қатнашчи Бегойим Ворисовага насиб қилди.

14-18 ёшдаги “Иттифоқ” сардорлари орасида билими ва салоҳияти билан ажралиб турган Чуст тумани сардори Мадина Ҳабиялиева биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичида иштирок этадиган бўлди. Вилоят таълим йўналиши сардори Равшан Раисов иккинчи, Наманган шаҳридан Акобир Абдуғаниев учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Икки ёш тоифасида ғолиблар диплом ва ноутбук, планшет, телевизор каби эсдалик совғалари билан тақдирланди.

[gallery-2149]

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА