Ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласи, шаъни ва ор-номусини ҳимоя қилиш кабидир.
Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувлар шароитида биз юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада жадаллаштириш лозимлигини таъкидладилар.
Ватанпарвар – ўз Ватани камолоти йўлида, халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будуни фидо қилувчи инсондир.
Юрт посбонларини Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан муносиб табриклаш мақсадида халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгаши депутатлари Олимхон Бобохонов ҳамда Ғиёсиддин Бобоҳоновлар ташаббуси билан Наманган шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида байрам тадбири ташкил этилди.
Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик, дея аталмиш бебаҳо илоҳий неъматнинг қадрига етиш, уларга шукур қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиз, виждон амримиз бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Тадбир якунида ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва хизматчиларга депутатларнинг байрам совғалари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА