Наманганлик 250 нафар талабгор Россиянинг Амур вилоятига ишга юборилади
Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган топшириқлар асосида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан пандемия даврида аҳолини хорижга ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш бўйича Россиядаги йирик иш берувчилар билан келишувларга эришилган эди.
Мазкур келишувлар асосида ўтган давр мобайнида Агентлик томонидан Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи атрофидаги қурилиш объектлари учун Наманган вилоятидан 600 нафардан ортиқ фуқаро ишга юборилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Амур вилоятидаги “Мурад” масъулияти чекланган жамияти билан имзоланган шартномага кўра, aгентликнинг Наманган вилояти филиалида иш берувчи вакили иштирокида танлов ўтказилди.
Наманган вилояти ҳокимининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича ёрдамчиси Ёқубжон Камоловнинг маълум қилишича, танловда иштирок этган 270 кишидан 250 нафари танлаб олинди. Улар жорий йилнинг январь ойи охирига қадар қурилиш ишларига юборилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА