Наманганлик 11 нафар ўқувчи халқаро фан олимпиадасида ғолиб чиқиб, муддатидан аввал талабаликка қабул қилинди
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан талабалик сертификати, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида қўшимча республика ва халқаро, шу жумладан нодавлат фан олимпиадаларини ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Мазкур вазифалар доирасида жорий йилнинг 24 — 29 февраль кунлари Андижон вилоятида Халқ таълими вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон — Шарда университети билан ҳамкорликда “Талабаликка бир қадам” очиқ фанлар олимпиадаси ўтказилди.
Республикамиздаги умумтаълим мактабларининг 2 минг 500 нафардан зиёд 9, 11-синф ўқувчилари иштирок этган олимпиадада математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ҳамда Ўзбекистон — Шарда университети билан ҳамкорликда тузилган 50 та (40 та савол фан йўналиши ва 10 та савол инглиз тили фанидан) тест саволига ва онлайн тартибда жавоб қайтариш учун 75 дақиқа вақт берилди ва натижалар 100 баллик тизимда баҳоланди.


Халқаро олимпиадада Наманган вилоятидан 350 нафар ўқувчи иштирок этиб,шундан 11 нафари фахрли ўринларни эгаллади. Жумладан, Наманган шаҳридаги 1-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 10-синф ўқувчиси С. Умматалиев биология, Чортоқ туманидаги 5-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Ж. Жамолдинов физика фанидан 1-ўринни; Поп туманидаги 16-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси М. Исоқова биология, Наманган шаҳридаги 1-Давлат ихтисослаштирилган мактаб- интернатининг 9-синф ўқувчиси И. Камолхонов кимё, Тўрақўрғон туманидаги 17-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 10-синф ўқувчиси С. Қудратуллаев физика, Наманган шаҳридаги 1-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Р. Зокиржанова математика фанидан 2-ўринни; Поп туманидаги 10- Давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси К. Турғунова биология, шу туманидаги 11-Давлат ихтисослаштирилган мактаб -интернатининг 9-синф ўқувчиси О. Марипханов кимё, Учқўрғон туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Д. Мўминов математика, Уйчи туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ж. Тўлқинбаев кимё, Поп туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Н. Ҳидоятова биология фанидан 3-ўринни қўлга киритди.

Наманган вилояти вакиллари умумжамоа ҳисобида республика бўйича 2-ўринни эгаллади.
Иштирокчилар орасидан синфлар ва фанлар кесимида ғолиб ўқувчилар аниқланди.
Энг эътиборлиси, 1-ўрин олган ўқувчилар Шарда университетига грант асосида, 2-ўринни эгаллаганлар 50 фоизли ва 3-ўрин соҳиблари 30 фоизли контракт тўлов асосида Шарда университетида имтиёзли олий таълим олиш ҳуқуқига эга бўлди. Сертификатлар 3 йилгача ўз кучини сақлаб қолади.
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан талабалик сертификати, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.