Наманган туманидаги "Тепа Қиёт" маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилиб келган Раҳима ая Мавлонова табаррук 105 ёшни қарши олди.
Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллиги байрами арафасида момонинг хонадонида қўшалоқ айём нишонланди. Боиси, Раҳима ая Мавлонова Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига биноан бир асрлик умрни ортда қолдирган табаррук мўйсафидлар қаторида "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.
Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов мукофотни эгасига етказиш мақсадида сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида онахоннинг хонадонига борди. Аянинг кўксига давлатимизнинг юксак мукофоти тантанали равишда тақиб қўйилди.
Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, Раҳима ая Мавлонова бутун умрини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаган чинакам фидойи ва матонат эгаси сифатида қишлоқдошлари орасида катта ҳурмат ва обрў қозонди. Узоқ йиллар тумандаги собиқ колхозда, кейинчалик "Қозоқжон Солиев" жамоа хўжалигида пешона тери билан ҳалол меҳнат қилди. Уч фарзанд - ўғилларини эл корига камарбаста қилиб вояга етказиб, тарбиялади.

Онахон ҳозирги кунда фарзандлари, ўнлаб набира ва эвара-чеваралари даврасида ҳаёт гаштини суриб келмоқда. Нафақат, яқинлари, балки бутун тепақиётликлар, туман фаолларига кайвони сифатида қимматли ҳаётий маслаҳат ва ўгитларини бериб туради.
Раҳима ая дуога қўл очиб, жонажон Ўзбекистонимиз ривожи ва осуда ҳаёти бардавом бўлиши, халқимизга садоқат билан хизмат қилаётган Президентимизга янада куч-ғайрат ва жижоат сўради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА