Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Намангандаги жазони ижро этиш муассасасида сайёр суд ўтказилди
11:24 / 2021-04-14

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди раиси Дилмурод Мадаминов томонидан Наманган вилояти ИИБ 6-сонли жазони ижро этиш муассасасида ўтказилган сайёр суд мажлисида халқимизга хос инсонпарварлик тамойиллари амалда қўлланилиб, тайинланган жазодан ўзига тегишли хулоса чиқариб, тузалиш йўлига ўтган, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномалар ва маҳкумларнинг илтимосномалари кўриб чиқилди.

Сайёр судда 28 маҳкумнинг иши кўриб чиқилиб, шулардан уч нафари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Уч нафар маҳкумга эса тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 74-моддасига мувофиқ енгилроқ жазо, яъни, ахлоқ тузатиш жазоси билан алмаштирилиб, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилди.

Жумладан, маҳкум Ф.С. 2017 йили Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги боис жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судининг 2017 йил 24 августдаги ҳукмига кўра, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. У 2021 йил 7 апрелга қадар тайинланган жазони ярмидан кўпроғини ўтаган. Туман судига муассаса томонидан унга нисбатан киритилган тақдимнома сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Маҳкумнинг маъмурият ходимларига ва атрофдаги маҳкумларга нисбатан муносабати қониқарлилиги, содир этган жиноятидан пушаймон экани, жазони ўташ давомида интизомий жавобгарликка тортилмаганлиги инобатга олиниб, унинг ўталмай қолган уч йилу 11 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.

Бундан ташқари, сайёр судда колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган 22 нафар маҳкумга нисбатан киритилган тақдимномалар ҳам кўрилиб, суд томонидан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини манзил-колонияларида ўташ белгиланди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА