ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳар “Баркамол авлод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси”да илк корхоналар фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда вилоятда аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорларга кенг шароит яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида кичик саноат зоналари яна битта кўпайиб, улар сони 73 тага етди.
10 гектар майдонда бунёд этилган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси”да қиймати 231 миллиард сўм бўлган 46 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига “Текстиль ва тўқимачилик”, “Қурилиш материаллари”, “Мебель ва қоғоз”, “Озиқ-овқат”, “Кимё”, “Чарм-пойабзал” ва бошқа саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, 6500 нафардан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, биринчи ўринда шу маҳаллада яшовчи иш билан банд бўлмаган ёшлар ва аёллар бандлиги таъминланади.
[gallery-8760]
Лойиҳанинг тўла қувватларда ишга туширилиши натижасида йилига 300 миллиард сўмдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда 10 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади.
Шу билан биргаликда, ушбу кичик саноат зонасида тадбиркорлар учун барча қулайликлар яратилиб, 5,1 километр электр энергияси, 1,8 километр ичимлик ва оқава сув тармоқлари тортилди ҳамда 5,3 километр автомобиль йўллари таъмирланди.
Саноат зонасида биринчилардан бўлиб фойдаланишга топширилган, қиймати 65,5 миллиард сўм бўлган 5 та корхонада 1000 нафар янги иш ўрни яратилган.
Саноат йўналишидаги “Баланс Текс” масъулияти чекланган жамияти томонидан қисқа муддатда ташкил этилган “Тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси илк босқичда 200 нафардан ортиқ хотин-қизлар бандлигини таъминлади. Корхонада янги иш ўринлари яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Ушбу корхонада эркаклар мавсумий устки кийимлари, хусусан, турли хилдаги пальто, курткалар ишлаб чиқарилмоқда. Жамият аллақачон қўшни давлатлар билан экспорт шартномаларини имзолашга ҳам улгурди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА.