Бугун – 5 август кунидан эътиборан мамлакатимиз олий таълим муассасларига кириш учун тест синовлари бошланди.
Коронавирус пандемияси шароитидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилаётган тест синовларига Наманган вилоятида қизғин ҳозирлик кўрилди. Тест синовларини очиқ майдонларда ўтказилиши муносабати билан Наманган шаҳридаги “Навбаҳор-Умид”, Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги “Динамо” ва Тўрақўрғон туманидаги “Ёшлик” ўйингоҳлари тайёрланди. Мазкур очиқ майдонларнинг ҳар бири учун жами 1080 тадан ўрин ҳозирланди.
Мазкур стадионларда тест синовлари икки сменада, яъни, биринчи смена эрталаб соат 07:00дан, иккинчи смена эса кечки вақт соат 19:00дан бошланиши кўзда тутилган.
Тест синовларини адолатли ва шаффоф руҳда ўтказиш мақсадида имтиҳонларга олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ва халқ таълими муассасаларининг директор, директор ўринбосарлари, муаллимлардан иборат 260 нафар назоратчи жалб этилган.
Маълумот ўрнида, янги ўқув йили учун вилоятдаги учта олий таълим муассасаси – Наманган Давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти ва Наманган муҳандислик-қурилиш институтига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 49 минг 811 нафарни ташкил этмоқда. Вилоятда тест синовлари 14 августга қадар давом этади.
[gallery-3296]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА