Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Намангандаги ОТМга Жаҳон банки лойиҳаси доирасида замонавий лаборатория жиҳозлари келтирилди
13:27 / 2021-03-19

Наврўз байрами арафасида Наманган муҳандислик-технология институтида янги лаборатория биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда институт ректори, профессор Одилжон Маматкаримов, Корея Республикасидан ташриф буюрган профессор Шин Ки Хюк ва узоқ йиллар давомида олийгоҳда фаолият олиб бораётган фахрий профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар.

Қайд этиш жоизки, олий таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида мазкур институтда талабалар, магистрлар ва докторантларни илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб этиш, таълим сифатини юксалтиришда манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Институт ахборот хизмати раҳбари Маъмуржон Эргашевнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, Жаҳон банки лойиҳалари доирасида олий таълим муассасасига Хитой, AҚШ ва Европанинг ривожланган давлатларидан замонавий лаборатория жиҳозлари келтирилди. Озиқ-овқат технологияси, пойафзал ва тери маҳсулотлари технологияси, трикотаж-тикув технологияси, метрология ва стандартлаштириш ҳамда матбаа ва қадоқлаш йўналишлари бўйича замонавий лаборатория ускуналари ана шулар жумласидан.

– Бундай замонавий лаборатория бинолари олий таълим даргоҳида бўлиши илмий фаолиятни осонлаштириши билан эътиборга моликдир, – дейди айни кунларда Наманган муҳандислик-технология институтида талабаларга таълим бераётган профессор Шин Ки Хюк. – Ўйлайманки, наманганлик талабалар бу жойда тадқиқотлар ўтказиб, кўплаб ютуқларни қўлга киритади.  

Эндиликда таълим йўналишларида таҳсил олаётган, илмий фаолият билан шуғулланаётган ёш тадқиқотчилар ушбу лаборатория биносида ўз ишини давом эттириб, янги лойиҳалар устида ишлаши мумкин.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА