Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда зукко китобхонлар сараланди (+видео)
18:25 / 2023-11-02

Ҳар йили мамлакатимизда ёшларнинг ўқишга бўлган қизиқишини янада кучайтириш, фаол китобхонлар сафини кенгайтириш орқали аҳоли, айниқса, навқирон авлоднинг ақлий салоҳиятини ошириш, китобхонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Зукко китобхон” танлови ўтказилиб келинади.

Наманган шаҳридаги “Ёшлар” марказида вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида уюштирилган мазкур танловнинг вилоят ҳудудий босқичида 14 та шаҳар, туманнинг китобхон жамоалари иштирок этди.  

– Аҳоли, айниқса, ёш ўғил-қизлар ўртасида китоб мутолаасини кенг тарғиб этиш ва уларда китобхонлик маданиятини янада ошириш ниятида шу йилдан бошлаб ҳудудларда ушбу танловни мунтазам ўтказиш йўлга қўйилгани айни муддао бўлди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Дилдора Аҳмаджонова. – Бу ўз навбатида, вилоятимиз маҳаллалари, чекка ва олис гўшаларигача китобхонлар сафини ошириш, эртамиз эгаларини фикрлаш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилади.  

Кўрикнинг саралаш босқичларида 3 минг 250 га яқин ёшнинг қатнашгани фикримизнинг ёрқин ифодасидир. Танловда иштирокчи жамоалар Абдурауф Фитратнинг “Жадидлар” тўплами, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, Лев Толстойнинг “Ҳожимурод” асарлари асосида тайёрланган саволларга жавоб қайтарди. Шу зайлда уларнинг билимдонлиги баҳоланди.  

“Зукко китобхон” танловининг якунларига кўра, Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, 6 миллион сўм пул мукофотига сазовор бўлди. Иккинчи ўринни қайд этган Наманган тумани китобхонларига 4 миллион 200 минг сўм пул мукофоти тақдим қилинди. Учинчи ўринга лойиқ топилган мингбулоқлик ёшлар 3 миллион сўм пул мукофоти билан сийланди. Қолаверса, танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этган жамоалар зукколиги учун 300 минг сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.  

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/s1gPL-vK9Lw" title="Наманганда зукко китобхонлар сараланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Оқилхон Дадабоев,

ЎзА мухбири