Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда замонавий зиё маскани фойдаланишга топширилди
12:19 / 2021-03-19

Наврўз байрами арафасида Наманган шаҳридаги Давлатобод туманида жойлашган "Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани" ахборот-кутубхонаси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан жаҳон стандарти талаблари асосида барпо этилган кутубхона ёш авлод вакилларини китобга ошно этишга хизмат қилажагини таъкидлади.

Мазкур зиё маскани 30 мингдан зиёд турли бадиий ва илмий адабиётлар, ўқув қўлланмалар билан таъминланди. Келгуси 3 йилда китобларнинг сонини 100 мингтага олиб чиқиш режа қилинган.

Янги кутубхонанинг умумий майдони 5 минг 220 кв. метрни ташкил этади. Бино аҳолига хизмат кўрсатувчи 3 та қават ва китоблар архиви, фонд сақлаш учун мўлжалланган махсус ертўладан иборат. Кутубхона бир вақтнинг ўзида 1200 кишига хизмат кўрсата олади.

– Кутубхонамизнинг кириш қисмида рўйхатга олиш бурчаги, инфокиоска жойлаштирилган бўлиб, ҳар бир китобхон учун махсус ID карталар берилади ва улар рўйхатга олинади, – дейди кутубхона директори Дилноза Азизова. – Бинонинг биринчи қаватида «Болалар майдончаси» ташкил этилган. Ушбу майдончада 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун китоблар, уларнинг ижодий фаолиятини ривожлантириш учун жиҳозлар ажратилган. Шу билан бирга, кутубхонага келган ота-оналарга қулайлик яратиш мақсад қилинган. Мазкур майдончада болалар учун мўлжалланган стол ва стуллар, юмшоқ ўриндиқлар, ўйинчоқлар ва китоблар мавжуд.

Тантанали тадбирда "Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани" ахборот-кутубхонасига вилоят ҳокимининг мингта илмий-бадиий китоблари бу янги зиё масканига совға қилинди.

[gallery-1637]

Оқилхон Дадабоев,  Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА