Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда замонавий “IT park” иш бошлади
17:01 / 2024-04-03

Президент қарори – амалда

Бугунги кунда мамлакатимизда глобал тараққиётда муҳим ўрин тутаётган ахборот коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш, соҳага ёшларни кенг жалб қилиш, юқори малакали миллий мутахассислар тайёрлаш йўлида имкониятлар кенгаймоқда. 

Наманган шаҳри марказида барпо этилган замонавий “IT park”нинг фойдаланишга топширилиши фикримиз далилидир. 

Мажмуанинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Президентимизнинг вилоятга ташрифидан кейин амалга оширилаётган ўзгаришларга эътибор қаратиб, келажак касби саналган “IT” йўналиши бўйича келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳақида гапирди. 

Наманган вилоятида рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ижобий ишлар натижасида “IT park” резидентлари сони 2023 йилга нисбатан 24 тага кўпайиб, ҳозир 42 тага етди. Улардан 11 таси экспортёр корхона бўлиб, 18 таси рақамли таълим йўналишида ва тўққизтаси маҳаллий бозорга ахборот технологиялари хизмати кўрсатиш йўналишида фаолият олиб бормоқда. Мазкур дастурчилар томонидан ўтган йили 47,9 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, бунинг ҳажми аввалги йилга нисбатан 5,7 баробарга ошди. Қувонарлиси, 2023 йилда 2,41 миллион долларлик хизматлар экспорт қилиниб, бу кўрсаткич илгари йилга нисбатан 4,6 баробарга ортди. Шунингдек, ҳудудларда 3 минг 100 дан ортиқ йигит-қиз соҳада ўзини ўзи банд қилди. 

– Ҳудудларда “IT park” филиалининг ташкил топиши рақамли технологиялар соҳасини жадал ривожлантириш, рақамли таълимни ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш, мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш, дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутиши билан аҳамият касб этади, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг рақамлаштириш бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Охунбобоев. – Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижроси доирасида бугунги кунга қадар “IT park”нинг таълим йўналишидаги резидентлари томонидан жами 12 мингдан зиёд аҳоли, жумладан, ёшлар ва давлат хизматчилари рақамли технологиялар соҳасида ўқитилиб, малакаси оширилди. Қолаверса, ёш авлоднинг ахборот технологиялари соҳасида “стартап” лойиҳаларни амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар ҳозирлаш мақсадида вилоятдаги олий таълим муассасаларида иккита “инкубация маркази” фаолияти йўлга қўйилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг мантиқий давоми бўлган “Coursera” онлайн платформаси ўқув курсларида 65 мингдан ортиқ ёшлар таҳсил олиб, сертификатларга эга бўлди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 24 майдаги “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида собиқ “Пахтасаноат” бирлашмасининг қаровсиз қолган тўрт қаватли биносида 12 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд қилинган “IT park” марказида лаборатория, “стартап” ҳамжамияти, ҳамкорликда ишлаш хонаси, тадбирлар ва музокаралар заллари, киберспорт хонаси мавжуд бўлиб, юздан ортиқ сўнгги русумдаги замонавий компьютер ҳамда мебель жиҳозлари билан таъминланган. Уларда 150 нафар ёш дастурчи фаолият юритади. Ушбу марказда йигирмадан ортиқ “IT” резидентлари қаторида дунёга машҳур компанияларнинг филиаллари ҳам фаолият юритиши диққатга сазовор. 

[gallery-16753]

–Дунёга машҳур компаниямиз юртимизда ҳам ўз ваколатхонасига эга бўлиб, жаҳон миқёсида етакчи компанияларнинг савдо брендларининг онлайн тижорат савдоси билан шуғулланади, – дейди Хитойнинг “Alibaba” компаниясининг Тошкентдаги вакили Камрон Турғунов. – “Made in Uzbekistan” (“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган”) электрон павильонида 60 та категория бўйича 11 минг турдаги маҳсулотлар ва хизматлар жойланган. Улар орасида текстиль, озиқ-овқат, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва қурилиш материаллари харидоргир. Сўнгги икки йилда платформа орқали 8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. 

Ўтган йилнинг кузида вилоят ҳокимлиги билан компания раҳбари ўртасида олиб борилган музокаралар натижасида очилган Намангандаги филиал маҳаллий тадбиркорларимизнинг хорижга чиқишига кўмаклашиш асносида “IT” соҳасига қизиққан ёшларга билим беришни ўз олдига мақсад қилган. Ҳикматулла Насруллаев раҳбарлигидаги “Real soft”  ахборот технологияларига ихтисослашган мамлакатимиздаги йирик компания ҳисобланади. 2001 йилда ташкил топган компанияда айни кунда уч юзга яқин ходим фаолият юритади. АҚШ, Европа, Осиё, МДҲ давлатларида еттита, юртимизда эса тўртта филиалига эга. 

Дастурий таъминот ишлаб чиқишга ихтисослашган, йиллик экспорт ҳажми 10 миллион долларга тенг бўлган “Real soft”нинг Наманганда очилган янги филиали фаолиятини ривожлантириш учун 22 нафар ходимга дастлабки босқичда 1 миллиард сўмлик хизматга буюртма тақдим қилинди. “IT park”да маҳаллий дастурчиларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 

“Tech Data Soft” масъулияти чекланган жамият ана шундай резидентлардан биридир. Унинг раҳбари Дилшод Содиқовнинг айтишича, ҳозирги вақтда жамоа вилоят ҳокимлиги буюртмасига асосан “Навбаҳор” профессионал футбол клубининг ўйинлари учун онлайн чипталар савдосини йўлга қўйиш мақсадида махсус мобиль иловани яратиш устида иш олиб бормоқда. Етти ёшдан 70 ёшгача барча учун тушунарли ва осон бўладиган мазкур платформа ёрдамида “Лочинлар”нинг Суперлига, кубок ўйинлари ҳамда халқаро мусобақалардаги учрашувлари учун чипталарни қулай тарзда харид қилиш имкони туғилади. Бу ,ўз навбатида, стадион кассаларида навбат кутиб туриш, айниқса, чипталарни қиммат нархда сотиш каби муаммоларга чек қўяди.

Наманган вилоятидаги 51 минг нафардан ортиқ ёш халқаро таълим платформалари ва “IT park” марказларига жалб этилиб, рақамли технологиялар соҳасида ўқитилади. “IT park” резидентлари сони эса 50 тага етказилади. 100 нафар ёш дастурчи халқаро “IT” бозорига чиқарилади. 200 нафар давлат хизматчиси ва ёш халқаро “IT” сертификатга ўқитилади.

Жорий йил якунига қадар хизматлар ҳажми 170 миллиард сўмга, экспорт ҳажми 20 миллион долларга етказилади. 5 минг 950 нафар ёш инглиз, немис ва бошқа хорижий тилларга ўқитилиб, етакчи компанияларга йўналтирилади. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири