Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш кенгаши тузилади
14:40 / 2022-06-08

Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов вилоятдаги олий таълим муассасалари талаба ёшлари билан учрашди.

Бу галги “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти ва Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабалари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олиб, таклифларини, инновацион лойиҳаларини илгари сурди.

Мулоқотда олий таълим муассасаларида вилоят ҳокимининг стипендиясини жорий қилиш, маданият ва санъат йўналишларига ихтисослашган мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш, туризмга оид муаммоларни бартараф этишга кўмаклашадиган электрон дастурни молиялаштириш, муай-тай спорт тури бўйича республика очиқ турнирини ташкиллаштириш, она тилимизга оид саводхонликни ошириш учун ҳуснихат курсларини очиш, импорт ўрнини босувчи лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, йирик тадбиркорлар иштирокида учрашувлар ва давлат ташкилотлари бўйлаб “Очиқ эшиклар кунлари”ни ўтказиш сингари 20га яқин мурожаат тингланди.

Мунисхон Муталхонова Наманган давлат университетининг биотехнология факультети 4-босқичида таҳсил олади. Бўлажак доришунос томонидан каврак ўсимлигидан консерва маҳсулотини тайёрлаш лойиҳаси илгари сурилмоқда. “Қизил китоб”га киритилган ўсимлик шифобахшлиги билан кўпгина касалликларга дармон бўлади. Айни пайтда ҳиндистонлик инвесторлар билан имзоланган келишувга асосан лойиҳани амалиётга татбиқ этиш борасида ҳаракатлар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳани вилоятнинг барча ҳудудларида кенг оммалаштириш бўйича фермер хўжаликларига таклифлар юборилган бўлса-да, аммо бу ташаббус фақатгина Косонсой туманидаги фермерлар томонидан қўллаб-қувватланган, холос.

– Юртимизда “1+1” лойиҳаси доирасида кўплаб ёшлар тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқитилди, – дейди талаба Гулчеҳра Абдулбоқиева. – Тенгдошларим қатори тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш борасида зарур билимларга эга бўлдим. Айни пайтда гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш мақсадида ўзим туғилиб ўсган Янгиқўрғонда қорамол ва қўй етиштиришни йўлга қўйиш арафасидаман. Биз каби чорвачиликка қизиққан ёшлар учун 10 кунлик ўқув курсларини ташкил қилиш борасида йўллаган мурожаатим назоратга олинганидан хурсанд бўлдим.

– Вилоят раҳбаридан ҳудудларда энергия тежовчи қурилмалар ўрнатиш лойиҳамни амалга оширишга кўмак сўрадим, – дейди талаба Шоҳжаҳон Собиров. – Давлатобод туманидаги халқаро аэропорт йўлларида жорий этилган мазкур қурилмалар 40 фоиздан 50 фоизгача электр қувватини тежайди. Лойиҳамиз икки-уч ойда ўз самарасини беради.

Учрашувда билдирилган савол ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда, вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси масъуллигида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш кенгаши ташкил этилиши маълум қилинди. Мазкур кенгаш ёшларнинг инновацион ишланмаларни татбиқ этиш, “старт-ап” лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга яқиндан кўмаклашади.

[gallery-7491]

Оқилхон Дадабоев, ЎзА