Наманган давлат педагогика институтида мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этиладиган “Йил аёли” миллий танловининг Наманган вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Танловда туман ва шаҳар босқичларида юқори натижалар кўрсатиб, ғолиб деб топилган 100 нафардан ортиқ фаол, илмий изланувчи олима, жамоат фаоли, фидойи меҳнаткаш хотин-қиз иштирок этди. Қатнашчилар орасида турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислардан тортиб, маҳалла ва оилада фаоллик кўрсатаётган уй бекаларигача бўлган турли тоифадаги аёллар ўрин олди. Танловда 11 та номинация бўйича иштирокчиларнинг маҳоратлари синовдан ўтказилди.
Иштирокчилар Низомда белгиланган учта асосий шарт – касбий тажрибаси, ижтимоий фаоллиги ва шахсий ютуқларини намойиш этди. Шунингдек, жараёнларда қатнашчиларнинг фидойилиги, раҳбарлик қобилияти, ижтимоий лойиҳалардаги фаоллиги ҳамда замонавий билим ва кўникмалари алоҳида баҳоланди.
[gallery-26507]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА