“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги ниҳол экиш мавсумига Наманган вилоятида ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 ноябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ва қаламчалар экиш тўғрисида”ги фармойишига асосан, Наманган вилояти ҳудудида жорий йил баҳор мавсумида жами 9 миллион 681 минг дона 27 турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчати ва қаламчаси экиш режалаштирилганди.
Шунга кўра, дарахт кўчатлари экиш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Баҳор мавсумида дастур доирасида “admin.yashilmakon.eco” электрон платформасида жами 9 миллион 889 минг 650 дона кўчат экилиб, режа 102 фоиз бажарилиши таъминланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар кузги мавсумда ҳам давом этиб, вилоят бўйича октябрь-ноябрь ойлари давомида жами 6 миллион 543 минг туп дарахт ҳамда бута кўчати экилади.
[gallery-14221]
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг куз мавсуми Тўрақўрғон туманида бошланди. Кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этишга қаратилган хайрли тадбирларда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, вилоят ва туман сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
– Тумани бўйича 2021 йил куз мавсумидан бугунги кунгача “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2 миллион 600 минг дона кўчат экилди, – дейди Тўрақўрғон туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров. – “Шоҳидон нурли диёри” ММТП ҳудудидаги 5 гектар майдонда боғ ташкил этилиб, унга 8 мингта ниҳол экилди. Тошкент, Исвахон ва Чуст кўприк маҳаллалари ҳудудидаги 3,5 гектар ер майдонда “Яшил жамоат парклари” барпо бўлди. “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” ишлаши ҳисобига ҳавога тарқалаётган зарарни камайтириш мақсадида ҳудуд атрофидаги 2 гектар ер майдонида “Яшил белбоғ” яратилиб, 7 минг 100 туп манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, парваришланмоқда.
Қолаверса, туман ҳудудига жорий йил куз мавсумида 580 минг дона япон сафораси, каталпа, элдор сасна, павлония, қайрағоч, клеон, ясин каби 2 минг тупдан ортиқ кўчат экилади ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирига 200 тупдан жами 13 минг 400 туп кўчат тарқатилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги дарахт экиш жараёнлари вилоят маркази – Наманган шаҳри, Чуст ва Поп туманларида ҳам кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари