Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида картошка уруғчилигига ихтисослашган илмий-таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази негизида Янгиқўрғон агротехнологиялар техникуми ташкил этилади.
Техникумнинг асосий вазифалари:
қишлоқ хўжалиги coҳаси учун меҳнат бозорида рақобатбардош ҳамда юқори малакага эга ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ва ўқув жараёнига дуал таълим тизимини жорий қилиш;
иш берувчи ташкилотлардаги етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассисларни таълим жараёнларига жалб этиш орқали ўқув жараёни сифатини таъминлаш;
битирувчиларнинг касбий кўникмалари иш берувчилар ва холис экспертлар томонидан баҳоланишини йўлга қўйиш;
хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, илғор хорижий агротехнологияларни тадқиқ қилиш, бу борада хорижий лабораторияларни жалб қилиш ва консалтинг-маслаҳатлар бериш, методик семинар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш;
халқаро ташкилотларнинг грантларини жалб қилган ҳолда ўқувчиларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор хорижий ишлаб чиқариш ташкилотларида малакасини оширишдан иборат бўлади.
Техникум Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги касбий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда амалдаги касбий таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби асосида фаолият кўрсатади.
Техникумда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича икки йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва дуал таълим шаклларида давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Техникумда Германия давлатининг тажрибаси асосида тадбиркорлик кўникмалари ўқитилиши жорий этилади ҳамда таълим жараёнини бошқариш, шу жумладан, дарс жадвали, ўқувчилар баҳоларини қайд қилиш, педагог кадрлар ўқув юкламаларини белгилаш ва гуруҳ журналларини юритиш рақамлаштирилади.
ЎзА