English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда янги туғруқ комплекси фойдаланишга топширилди
09:50 / 2021-08-20

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида она ва бола соғлигига эътибор – жамиятга, келажакка эътибордир, дея таъкидлаган эди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам бу борада бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу муҳим топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича Наманган вилоятида қилинаётган амалий ишлар мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида ўз ижобий натижасини берди. Янги Наманган туманининг Мингчинор даҳасидаги собиқ травматология шифохонаси биноси ўрнида янги туғруқ комплекси қад ростлаши ва Наманган шаҳрининг чекка ҳудудида жойлашган 2-сонли туғруқ комплексини капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилиши бунга мисол бўла олади.

Илгари вилоят травматология шифохонаси жойлашган, аммо бир неча йиллар давомида фаолият юритмаган бино анча эскириб кетганди. Инвестиция дастурига кўра, бу объектда амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида шинам ва кўркам туғруқ мажмуаси бунёд бўлди.

Бунёдкорлар бу бинони туғруқхонага айлантириш асносида давлат бюджетидан ажратилган 15 миллиард сўмдан ортиқ қурилиш ишларини бажарди. Эски иморат нафақат таъмирланди, балки, ёнига қўшимча тарзда беш қаватли янги бино ҳам барпо этилди. Зарур инфратузилмалар, яъни иситиш ва совутиш тармоқлари илғор технологиялар асосида такомиллаштирилди.

Наманган шаҳрида аҳоли сони ўсиб бораётганидан келиб чиқиб, ўткир бўлиб турган муаммолардан бири – туғруқ ўринларини ортишига имкон берадиган янги шифохона қиймати 4 миллиард сўмдан ортиқ замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Бундан ташқари малакали ва тажрибали тиббиёт ходимлари билан таъминланади.

Наманган шаҳрининг Янги Қурилиш маҳалласидаги 2-сонли туғруқ комплекси эса сўнгги уч йил давомида олиб борилган капитал реконструкция туфайли янгича қиёфага кирди. Яқин атрофдаги аҳолиси зич ва кўп маҳаллаларга замонавий ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишга имкон берди.  

[gallery-3496]

28 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи йўналтирилган ушбу шифо масканида туғруқ ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, янги туғилган чақалоқлар саломатлиги, балки уларга хизмат кўрсатадиган шифокорлар, ҳамширалар, кичик тиббий ходимлар учун ҳам барча талабларга жавоб берадиган шароитлар ҳозирланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 11 хил турдаги 11 миллиард сўмлик ва Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан 1 миллиард 200 миллион сўмлик 4 турдаги энг сўнгги русумдаги тиббий аппаратура ва жиҳозлар олиб келиб, ўрнатилди.  

– Ўтаётган ҳар бир кун бизни энг улуғ, энг азиз санага янада яқинлаштирмоқда, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, нафақадаги шифокор Ойшахон Қўчқорова. – Истиқлол неъматининг ҳамюртларимизга берган имкониятлари ҳақида ғурурланиб, ҳар қанча гапирсак оз. Айниқса, юртимизда “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, айнан бугун кўриши керак”, деган эзгу тамойил ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тўла татбиқ этилиб, кўп соҳаларда, жумладан, тиббиёт тизимида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди. Айниқса, Президентимизнинг “Тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”, деган сўзлари соҳадаги ислоҳотларни бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Бу эзгу ишлар самарасини Наманган мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.  

Тадбирларда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА