Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари кунлари ўтказилди
19:07 / 2022-12-16

Газета – ҳаётимиз кўзгуси, таълим ва тарбия воситаси. Матбуот нашрлари кишини ҳам ўқиш, ҳам ёзишга ўргатади, тафаккурини бойитади, мустақил фикрлашга ундайди.

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари тадбирида кенг жамоатчилик вакиллари – зиёлилар, ёзувчи-шоирлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар масъуллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёшлар, журналистлар иштирок этди.

Наманган давлат университети фаоллар залида бўлиб ўтган ушбу маънавий-маърифий тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 январдаги “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти давлат корхонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Республика миқёсида илк бор вилоят ҳокимлиги кўмагида уюштирилди.

Тадбирни очган Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимизга етказиш, одамларда дахлдорлик ҳиссини шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.  

[gallery-9995]

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси Носиржон Деҳқонов, Наманган давлат университети профессори, юридик фанлар доктори Турсунбой Файзуллаев Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган “Янги Ўзбекистон” ижтимоий-сиёсий газетаси янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларнинг ҳаётий ифодаси эканини эътироф этиб, ўтган қисқа давр мобайнида у катта аудиторияни қамраб олгани, таҳлилий-танқидий мазмундаги мақолалар билан бугунги янгиланишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётганини қайд этди.

Маълумот ўрнида, “Янги Ўзбекистон” газетасининг илк сони 2020 йил 25 январда чоп этилган. Бугунгача унинг 780га яқин сони муштарийлар қўлига етиб борган. Ҳафтада беш кун, юртимиз ҳаётига доир муҳим сана ва воқеалар билан боғлиқ ҳолларда эса етти кун ҳам чиқадиган газета олти саҳифада, бошдан охиригача рангли чоп этилади. Ҳозир унинг адади 80 мингдан ошади.  

Таҳририят Ўзбекистондаги энг кекса ва энг ёш нашрларни бирлаштирган. 1917 йилдан буён чоп этиб келинаётган “Правда Востока” газетаси Ўзбекистоннинг амалдаги энг кекса газетаси саналади. У бу йил 105 ёшга тўлди. Ҳар икки нашр бугун ўз саҳифаларида замонавий тенденциялардан унумли фойдаланиб келмоқда. Жумладан, трансформация жараёни эътиборга молик. Таҳририятда медиаконвергенцияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Янги Ўзбекистон” газетасининг деярли ҳар бир сонида “матн+фото+QR код” форматдаги мақолаларни ўқишингиз, шунингдек, видео орқали кўришингиз мумкин.

Обуна тарғиботи якунида талабалар иштирокида викторина савол-жавоблари ўтказилиб, ғолибларга ҳамда фаол жамоатчи ижодкорларга таҳририят совғалари топширилди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.