Ўзбекистон Республикаси Президенти “Наманган давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институти негизида Наманган давлат техника университети ташкил этилади.
Мазкур университетнинг асосий вазифалари:
муҳандислик, қурилиш, тўқимачилик, ахборот технологиялари ва дастурлаш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича, шунингдек, ҳудуднинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ҳамда илмий- педагогик кадрлар тайёрлаш;
таълим жараёнига илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини қўллаган ҳолда халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида миллий таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини уйғунлаштириш орқали ишлаб чиқариш, саноат корхоналари ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун энг илғор инновацион технологияларни ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш;
амалий ва илмий-тадқиқот ишларини бажариш учун замонавий ўқув ва илмий лаборатория базасини шакллантириш ҳамда уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан академик ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий илмий-амалий стажировкасини тизимли йўлга қўйиш;
ҳудуддаги техника йўналишида кадрлар тайёрловчи касбий таълим ташкилотларига ўқув-услубий ёрдам кўрсатиш;
талабаларнинг ҳар томонлама етук кадрлар бўлиб етишиши учун барча шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, уларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, таълим-тарбия ва амалиёт уйғунлигини самарали ташкил этишдан иборат бўлади.
Қарор билан:
Наманган давлат техника университети фаолиятини ташкил этиш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича "йўл харитаси";
Наманган давлат техника университетига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилаётган объектлар рўйхати;
Наманган давлат техника университетига бириктирилаётган ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари рўйхати тасдиқланди.
ЎзА