Наманган вилоятида аҳоли фаровонлиги ҳамда Ватанимиз равнақини юксалтиришга хизмат қилувчи ишлаб чиқариш объектлари сони яна биттага кўпайди. Чуст тумани ҳудудида жойлашган “Наманган” эркин иқтисодий зонасида навбатдаги йирик истиқболли лойиҳа – “Siberian Wellness Namangan” хорижий корхона фойдаланишга топширилди. Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Янги замонавий технологиялар билан жиҳозланган мевани қайта ишлашга ихтисослашган мазкур корхона 4 гектар ер майдонига эга. 6 миллион доллар инвестиция киритилган заводда 24 минг тонна мева қайта ишланиб, 2 минг 500 тонна мева концентрати ишлаб чиқарилади. Улар технологик жиҳатдан Марказий Осиёда ягона саналади. Бу, ўз навбатида, 5 миллион доллар миқдорида маҳсулот деганидир. Шу билан бирга, маҳсулот тўлиқ экспортга йўналтирилади ва йилига 9 миллиард сўм бюджетга солиқ тушуми амалга оширилади. Қувонарлиси, янги корхонада 80 та янги иш ўрни яратилди.
Хорижий корхона томонидан лойиҳанинг биринчи босқичида, яъни икки йил олдин 4 миллион доллар маблағ сарфланиб, Франциядан бодом, ўрик, шафтоли, гилос, узум, олхўри ва нок каби мевали дарахт кўчатлари келтирилиб, 400 гектар майдонда интенсив боғ барпо қилинган эди. Бу ишларни бажариш учун 90 нафар фуқаро жалб қилиниб, уларнинг бандлиги таъминланган.
[gallery-13468]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари