Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда яна бир маҳалла биноси фойдаланишга топширилди
12:01 / 2022-09-03

Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманидаги Бобораҳим Машраб номидаги маҳалла фуқаролар йиғини учун замонавий идора биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур масканнинг очилиши  аҳоли учун чинакам байрамга айланди. Ушбу маҳалла 1985 йилда тузилган бўлса-да, фуқаролар йиғини хизмат биноси бир қаватдан иборат, пастаккина, кўримсиз ҳолатда ва атиги икки хонада фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Жорий йилда туман ҳокимининг қарорига асосан маҳалла биноси учун ҳудуднинг шимолий қисмида бўш турган беш сотихли ер майдони ажратиб берилди ва қисқа муддатда давлат хусусий-шерикчилик асосида замонавий, барча шароитлар яратилган янги бино барпо этилди. Унда маҳаллада ишловчи ҳар бир ходим ва мажлислар залига алоҳида хоналар ҳозирланди. МФЙ биноси “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан мебеллар жамланмаси ва компьютерлар тўплами билан таъминланди.

[gallery-8640]

– Тўрт минг тўрт юзга яқин маҳалламиз аҳлига хизмат кўрсатишда кейинги йилларда бир мунча қийинчиликларга дуч келаётгандик, – дейди Бобораҳим Машраб номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қодирхон Охунов. – Шу боисдан ҳам маҳалламиз учун янги бино қурилишида ёшу-қари бирдек ёрдам берди. Бугунги қулайликлар эса маҳалламизда раисдан тортиб, хотин-қизлар фаолигача - “бешлик ходимлар”га Президентимиз томонидан белгилаб берилган “Маҳалла раиси - ислоҳотчи” тамойили асосида иш олиб боришга, жиноятчилик ва ажримга йўл қўймаслик, аҳолини иш билан таъминлаш, оилавий даромадларни оширишга, маҳаллада миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этишга ундайди.

Замонавий маҳалла биносининг очилишида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА