Хабарингиз бор, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бир неча йиллардан буён “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳаларини изчил амалга ошириб келмоқда.
Мазкур ижтимоий аҳамиятга эга ташаббуснинг узвий давоми сифатида фуқаролар мурожаатлари билан манзилли ишлаш тизимини йўлга қўйиш, фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда қулай меҳнат шароитларини яратиш мақсадида бугун Наманган вилояти ҳокимлиги амалий кўмагида “ШАБНАМ BETAKROR QURILISH” МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан бунёд этилган Федерациянинг вилоят ҳудудий бирлашмаси учун мўлжалланган “Истеъмолчилар уйи” маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Шу каби бинолар вилоятнинг Тўрақўрғон ва Норин туманларида ҳам қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, Мингбулоқ, Чортоқ ва Наманган туманларида қурилиш ишлари изчил давом этмоқда.
Маъмурий бино очилишига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, Олий Мажлиси Сенати аъзолари И.Нажмиддинов, О.Маматкаримов, вилоят ва Давлатобод тумани ҳокимлиги вакиллари, соҳа мутасаддилари, жамиятлар ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат бошқаруви ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган.
– “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” ғоясини амалда рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириш, жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришда нафақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, балки тадбиркорлик субъектларининг амалий кўмаги муҳим аҳамият касб этади, – деди Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов. – Федерация ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Истеъмолчилар уйи” лойиҳаси доирасида мамлакатнинг кўплаб туман ва шаҳарларида шундай маъмурий бинолар фойдаланишга топширилиб, янги қурилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Маросимда сўзга чиққанлар Федерация ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда бугун фойдаланишга топширилаётган янги маъмурий биноларнинг фаолият самарадорлигини оширишдаги ўрни ҳақида фикр билдирдилар.
Эндиликда бу ерда истеъмолчилар нафақат уларни қийнаётган муаммолар бўйича мурожаат қилиш, балки бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олиш имкониятига ҳам эга бўладилар. Шунингдек, мажмуа таркибида барча китобхонлар учун зарур адабиётлар билан бойитилган кутубхона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни оширишга хизмат қилади.
ЎзА