20-21 июнь кунлари БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида қишлоқ аёллари учун сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича тренинг ўтказди.
Илғор технологияни ўзлаштириш, таълим ва маслаҳат хизматидан фойдаланиш кўникмасини оширишга қаратилган тадбир иштирокчилари имконияти чекланган кишилар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами орасидан танлаб олинган.
Мазкур ўқув машғулоти БМТнинг “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара олди ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ўтказилди. Ташкилотчилар асосий эътиборни Фарғона водийсидан ўтувчи чегаранинг ҳар икки томонида қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали яхши қўшничилик муносабатини мустаҳкамлаш, чегара ҳудудларида аёллар ва ёшлар имкониятини кенгайтиришга қаратишган.
Қайд этиш керак, чорвачилик Наманган вилояти чегарадош ҳудудлари аҳолиси учун муҳим даромад манбаи ҳисобланади. Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича тренинг Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ҳамкорлигида уюштирилди.
– Соғин сигирни тўғри парвариш қилиш, сут маҳсулотларини қабул қилишда санитария-гигиена меъёрига риоя қилиш, йирик ва майда шохли қорамолларни касалликдан ҳимоя қилиш соҳа маҳсулдорлигига, озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатади, – деди уюшма раҳбари Адиба Аҳмаджонова. – Қўшимча билим қишлоқ аёлларига мавжуд ресурслардан янада самарали фойдаланиш, бандлик масаласини ҳал этиш имконини беради.
ФАО маълум қилишича, машғулотда 50 нафар аёл иштирок этди. Мутахассислар томонидан чорва касалликларининг олдини олиш, самарали озуқа рациони тузиш, сутни уйда сақлаш ва қайта ишлаш қоидалари ўргатилди.
ЎзА