Наманганда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Street workout” (“кўча спорти”) бўйича вилоят ҳокими соврини учун чемпионат ўтказилди.
Унда мазкур мусобақанинг шаҳар-туман босқичларида юқори уч поғонани эгаллаган ёшлар вилоят ҳокими совринига эга чиқиш учун ўзаро беллашди.
Наманган вилоятида жорий этилган ёшлар билан ишлашнинг янги тизимида эртамиз эгаларининг бўш вақтларини мазмунли ва унумли ўтказишларини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, айни пайтга келиб, қишлоқ ва маҳаллалар ҳудудларида 600га яқин “Street workout” майдончалари фойдаланишга топширилди.
Бу борада Давлатобод тумани прокурори раҳбарлигидаги иккинчи сектор, Янгиқўрғон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи масъул учинчи сектор ва Норин тумани ҳокими бошчилигидаги биринчи сектор ҳудудларидаги эзгу саъй-ҳаракатлар диққатга сазовор. Бугунги кунда барча маҳалла гузарларида аҳоли ўртасида спорт-соғломлаштириш ишларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи майдончаларни ташкил этиш изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур мусобақа очилишида иштирок этган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ёшларнинг чиқишлари, кўча гимнастикаси бўйича маҳоратларини кузатди. Юртимизда ёшлар спортига берилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб, ушбу имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди.
Айтиш мумкинки, “Street workout” мусобақаси кўтаринки руҳда ўтди. Иштирокчилар бир-бирини такрорламайдиган машқлари билан томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Якуний натижаларга кўра, Темур Махсудов ғолибликни қўлга киритди. Фахрли иккинчи ўринни Сардор Пирматов эгаллаган бўлса, учини ўрин Ботирали Абдуфаттоевга насиб этди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди. Биринчи ўринга замонавий ноутбук, иккинчи ва учинчи ўрин эгаларига сўнгги русумдаги телевизорлар тақдим этилди. Шунингдек, ҳудудларда “Street workout” майдончаларини намунали ташкил этган сектор раҳбарларига қимматбаҳо совғалар ва ташаккурномалар топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА