Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда устозлар шарафланди
11:55 / 2023-08-16

Наманган вилоятининг Давлатобод туманида “Сифатли таълим – кучли жамият” шиори остида II устозлар миллий форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда шаҳар ва туманлардан келган педагоглар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Хориж олийгоҳларига муддатидан аввал ўқишга кирган битирувчилар билан мулоқот қилинди.  

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов шаҳар ва туманлардан келган педагогларга Ватан равнақи, юрт истиқболи ва тараққиёт одимлари таълим соҳаси билан, келажагимиз эгаларининг ҳар жиҳатдан илм салоҳиятли, замонавий билимларни чуқур ва мукаммал эгаллаган ўғил-қизлар бўлиб камол топишига боғлиқ эканини таъкидлади.  

Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфида бугунги кунда жами 1 минг 334  давлат таълим муассасаси мавжуд. Мактабгача таълим ташкилотларида 115 минг 796 нафар бола тарбияланмоқда, уларда 23 минг 693 нафар тарбиячи фаолият юритмоқда.  

– Мамлакатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, жумладан, илғор таълим дастурларини мактабларга жорий этиш, таълим сифатини ошириш, педагогларнинг касбий ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида янги ўқув йилидан бошлаб 1-4-синфлар учун янги авлод дарсликлари жорий этилди, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ойбек Зокиров. – Вилоятдаги еттита мактабда ўқувчиларнинг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнларини ташкил этиш тажриба-синовдан ўтказилади. Шунингдек, 14 мактабда тажриба сифатида инглиз тили фанидан ташқари 7-синфдан иккинчи хорижий тил сифатида француз ва немис тиллари қўшимча ўқитилиши, 10-синфдан битта касб ўргатилишини йўлга қўйиш режалаштирилган.  

Форумда таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган, соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган фаол, ташаббускор ва изланувчан, муносиб натижаларга эришаётган таълим муассасалари ўқитувчилари ва давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА